Аҳолини юрак-қон томир касалликларидан муҳофаза қилиш, хасталикларни барвақт аниқлаш ва хавфли ҳолатларни олдини олиш — бугунги кун тиббиётининг энг долзарб вазифаларидан биридир. Шу мақсадда Тошлоқ туманида мунтазам патронаж кўриклари ўтказиб келинмоқда.
Айни кунларда Тошлоқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 52-оилавий поликлиника ҳамширалари ҳам фаол иш олиб бормоқда. Жумладан, патронаж ҳамшираси Маҳлиё Абдуллаева Чуқур қишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Заркон кўчасида режа асосида хонадонма-хонадон тиббий кўрик ўтказди.
— Биз ҳар куни белгиланган режа асосида маҳалладаги хонадонларга борамиз, — дейди ҳамшира М.Абдуллаева. — Бу фақат кўрик эмас, балки аҳоли билан жонли мулоқот, оғриғини эшитиш, зарур тавсиялар бериш демакдир. Айниқса, юрак-қон томир, қандли диабет, гипертония, нафас йўллари билан боғлиқ хасталикларга эътибор катта. Ҳар бир бемор билан алоҳида суҳбатлашамиз, хавф гуруҳидагиларни қайд этамиз, поликлиникага йўлланма берамиз.

Шу каби профилактик тадбирлар аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилишда жуда катта аҳамиятга эга. Маҳалла, тиббиёт ходимлари ва аҳоли ўртасидаги ҳамкорлик эса бундай тадбирларни самаралироқ қилишга хизмат қилмоқда.
— Аҳолида тиббий маданият шаклланаётганини ҳис қиляпман, — дея қўшимча қилади ҳамшира. — Одамлар ўз саломатлигига бефарқ эмас. Улар кўрикларимизга розилик билан ёрдам беришади. Бу эса бизга янада иштиёқ бағишлайди.
Айни пайтда, ёз мавсумида юқумли касалликлар хавфи юқори бўлгани сабабли, профилактикага алоҳида эътибор қаратилаяпти. Шу муносабат билан ҳамшира Назокат Юсупова ҳам болаларни турли юқумли касаликлардан ҳимоя қилишга оид тавсиялар бериб, ота-оналарга соғлом турмуш тарзи, шахсий гигиена ва озиқ-овқатда тозалик масалалари бўйича тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Тумандаги мазкур поликлиниканинг 5-бригадасида фаолият юритаётган патронаж ҳамшира Л.Фозилжонова ўз ишига юксак масъулият ва меҳр билан ёндашади. У аҳоли ўртасида тиббий кўриклар ўтказар экан, айниқса чақалоқга алоҳида вақт ва эътибор ажратиши билан ҳамкасблари орасида алоҳида эътирофга сазовор.
Ҳар бир кўрикда чақалоқларнинг соғлиги, ўсиши, озиқланиши ва ривожланиши диққат билан кузатилади. Зарур ҳолларда у она ва оталарга керакли тавсияларни бериб, болаларни соғлом тарбиялашга оид маслаҳатларини аямайди.
— Бу иш — фақат вазифа эмас, қалбдан чиқадиган меҳр, — дейди Л.Фозилжонова. — Патронаж хизматини бажарар эканман, чақалоқларга, янги туғилган болаларга алоҳида эътибор қаратаман. Улар ҳаётнинг навниҳоллари, уларни соғлом ўсиши — ота-оналар ва жамият учун муҳим. Ҳар бир онани эшитаман, тушунтираман, фойдали маслаҳат бераман. Бу иш мен учун фақат вазифа эмас — қалбимдан келадиган масъулият ва меҳр ҳисобланади.

Айни пайтда Тўлиқ ОШП 4-бригада патронаж ҳамшираси Дилором Муртазаева маҳаллаларда фаол иш олиб бормоқда. У аҳолига D-MED тизимининг афзалликлари, электрон рўйхатдан ўтиш, текширувлар ва шифокор кўригини ўз вақтида амалга ошириш тартиблари ҳақида тушунтиришлар бермоқда.
Аҳоли орасида тизимга қизиқиш ортмоқда. Фуқаролар ўз маълумотларини билиш, текширув кунларини кузатиш ва шифокор тавсияларини ўз вақтида амалга ошириш имконига эга бўлишмоқда.

Тошлоқ туманидаги ана шундай саъй-ҳаракатлар, аввало, аҳоли саломатлигини сақлаш, соғлом ҳаёт тарзини қарор топтиришга қаратилган бўлиб, келгусида ҳам давом эттирилади.