Касалликларни эрта аниқлаш – соғлом ҳаёт гарови

Инсон соғлиғи – жамиятнинг энг қимматли бойлигидир. Ҳар қандай хасталикни эрта босқичда аниқлаш, унинг оғир асоратларини олдини олишда ва самарали даво чораларини кўришда муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан мунтазам тиббий кўриклар ҳар бир инсон ҳаётида алоҳида ўрин тутади.

Афсуски, жамиятда шундай тасаввур борки, фақат оғриқ ёки жиддий ҳолат юзага келгандагина шифокорга мурожаат қилиш керак. Аммо тиббий кўрик – бу фақат касаллар учун эмас, балки ўзини соғлом деб ҳисоблаган ҳар бир фуқаро учун ҳам зарур жараёндир. Эрта ташхис – ҳаётни сақлаб қолиш имконидир! Шу эзгу мақсад йўлида Бувайда тумани марказида оммавий тиббий кўрик ташкил этилди. Унда маҳаллий тор соҳадаги мутахассислар, шу жумладан замонавий ускуналар билан жиҳозланган кўчма мобил офтальмология ҳам аҳолига хизмат кўрсатиш учун жалб этилди.

Кўрик давомида, юрак-қон томир хасталиклари, гипертония, қандли диабет каби сурункали касалликлар бўйича маслаҳатлар берилиб, болалар ва ҳомиладор аёллар саломатлиги алоҳида назоратга олинди. Шунингдек, аҳолига 20 дан ортиқ турдаги дори-дармон воситалари бепул тарқатилди. Тиббий хизматлар сифатини яхшилаш бўйича таклиф ва мурожаатлар ўрганилди. Бу каби амалий тадбирлар аҳоли ўртасида соғлиққа бўлган эътиборни кучайтиради, эрта ташхиснинг аҳамиятини янада кенгроқ тушуниб етишга ёрдам беради.

— Аҳоли орасида эрта диагностика, профилактика ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир, — дейди туман кўп тармоқли марказий поликлиника бош ҳамшираси Шоирахон Ризаева.  —  Шифокорларимиз томонидан кўплаб юртдошларимизга малакали маслаҳатлар берилди, бепул дори воситалари тарқатилди. Бундай тадбирлар мунтазам ўтказилиши аҳолининг саломатлигини сақлашда катта самара беради.

— Юрак, босим, қандимни ўлчаб, керакли маслаҳатларини беришди. Врачлар ҳам хушмуомала, очиқчасига гаплашдим, — дейди 82 ёшли отахон. —  Шунча врачни бир жойда кўраман деб ўйламагандим, ростини айтсам. Дориларниям бепул беришди. Раҳмат айтаман, бундай эътибор одамга куч беради.

Тадбир туман прокуратураси ҳамкорлигида ташкил этилди.