Бу тамойил бугун юртимиз тиббиётидаги устувор вазифага айланган.
Шу сабабли мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун мақсадли тиббий кўриклар ташкил этилмоқда. Хусусан, хотин-қизлар соғлигини асраш, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш мақсадида улар мунтазам равишда патронаж ва скрининг текширувларидан ўтказилади.
Хусусан, бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолияти доирасида аёллар скрининг дастурлари билан қамраб олинади. Бунда оила шифокори томонидан 3 йилда 1 марта уларда бачадон бўйни саратони скрининги ўтказилиши кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу тоифадаги аёлларда тор соҳа мутахассиси (гинеколог) кўриги, лаборатор ва кольпоскопия каби инструментал текширувлар олиб борилади.
2024 йил давомида Фарғона вилояти бўйича 30-55 ёшли аёллар орасидаги 236 422 нафар аёллар бачадон бўйни саратонига скрининг текширувларидан ўтказилган. Улардан 105 нафарида саратон ташхиси тасдиқланган. Буларнинг 90 фоизи эрта босқичда аниқланган.
Шунингдек, 221 401 нафар 45-65 ёшли аёлларда кўкрак саратонига скрининг текширувлари олиб борилган. Улардан 204 нафарида саратон ташхиси тасдиқланган. Буларнинг ҳам 89 фоизида эрта босқичда аниқланган.
Мобил маммография орқали 11 558 нафар аёллар текширувдан ўтказилган. Улардан 24 нафарида онкологик касаллик топилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйича ҳар йили 2,3 миллиондан ортиқ аёлга кўкрак бези саратони ташхиси қўйилади. Шунга қарамай, ривожланган мамлакатларда 40 ёшдан ошган аёллар ўртасида бу касалликдан ўлим кўрсаткичини 90 фоизга камайтиришга эришилмоқда.
Хўш, бу хавфли касалликдан самарали ҳимояланиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?
Аввало, кўкрак бези саратонини эрта аниқлашнинг асосий йўли бу – кўкракни уч босқичдан иборат бўлган текширувдан ўтказишдир.
Булар қуйидагилар:
- Бир ойда бир марта кўкрак безларини мустақил тарзда текшириш; Ўз вақтида маммография текширувидан ўтиб туриш. 40 ёшдан кейин аёлларга ҳар икки йилда, 50 ёшдан кейин эса ҳар йили маммография текширувдан ўтиш тавсия этилади.
- Кўкрак бези саратонидан ҳимояланиш учун энг самарали 3 қадам! Агар яқин қариндошларда (онаси, опаси, бувиси) кўкрак бези саратони кузатилган бўлса, шифокор назорати остида маммография ва бошқа текширувлар эрта бошланиши мумкин.
- Кўкрак безида ҳар қандай ўзгариш бўлса, зудлик билан маммолог шифокорга мурожаат қилиш керак.
Агар касаллик эрта аниқланса ва даволаш ўз вақтида бошланса, беморнинг соғайиш эҳтимоли жуда юқори бўлади — ҳатто 90 фоиз ёки ундан ҳам кўпроқ.
Кўкрак безларини мустақил тарзда текшириш ҳайз даврининг биринчи ярмида амалга оширилади.
Агар аёл киши климакс даврида бўлса, у текширув учун ойнинг маълум бир кунини ўзи учун белгилаб олиши мумкин.
Саломат бўлинг!