Қува туманида шу пайтгача беморларда онкологик операцияларини ўтказиш учун тўлақонли имконият йўқ эди. Шу боис, улар вилоят марказига ёки пойтахтга бориб даволанишга мажбур бўларди. Ҳозирда барча тиббий муолажаларни туманнинг ўзида кўрсатиш учун замонавий жиҳозлар олинди, зарур шарт-шароит яратилди.
Яқинда вилоят онкология шифохонаси мутахассислари Илёс Абдуллаев ва Ғайрат Турсуновлар туман марказий шифохонасида навбатдаги операцияни ўтказдилар. Улар сигмасимон ичак саратони ташхиси билан даволанаётган 83 ёшли беморда сигмасимон ичак резекцияси десцендо-ректо анастамоз қўйиш амалиётини бажардилар.
—Беморимизнинг ҳозирги ҳолати стабил. Операция муваффаққиятли ўтди, — дейди жарроҳ Турсунов. — Кейинги давр мобайнида тўлиқ назоратимиз остида даво муолажаларини давом эттиради.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил устувор. Соҳа олдига қўйилган вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда, мақсадлар рўёбга чиқмоқда.