Бешариқ тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Лазизжон Жўраев бошчилигида 11 нафар шифокор ва ҳамширалар Минск шаҳридаги “Она ва бола” Республика илмий-амалий марказида бўлиб турибди.
Бешариқлик мутахассисларнинг ушбу марказда малака ошириш дастури беморларни парвариш қилиш, замонавий тиббий жиҳозлар билан танишиш, бирламчи тизимдаги рақамлаштириш, аёллар маслаҳатхонаси, тиббий бригадалар фаолияти билан танишишни ўз ичига олади.
—Биз бу ерда шу йилнинг 7 июнига қадар бўламиз, —дейди Л.Жўраев. — Куни кеча Минск шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Ирина Лобах билан учрашув ўтказдик. Унда малака ошириш курсида ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликда мутахассислар тайёрлаш, маҳорат дарслари ўтказиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш каби қатор масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар алмашдик.
Ўтказилаётган ўқув амалиётлар Белоруссия тиббиёти тажрибасини ўрганиш ва соҳа ходимларининг билим ҳамда кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
“Медики из Узбекистана перенимают опыт белорусских коллег» — Белоруссиянинг бир қатор интернет нашрларида бешариқлик шифокорларнинг ҳамкасблари билан тажриба алмашаётгани ҳақида материаллар эълон қилинди.
Масалан, «Единство» газетасининг ёзишича, Бешариқ тумани тиббиёт бирлашмаси бош врачи Лазиз Жўраев ва Бешариқ туманлараро перинатал маркази бош акушери Раънохон Маматқуловалар Минск вилоятидаги Борисовский туғруқ уйи ва фелдшер-акушерлик пунктларида бўлишган. Улар акушерлик ва гинекология соҳасида ихтисослаштирилган ва юқори технологияли тиббий ёрдамни ташкил этиш ва кўрсатиш бўйича Беларус тажрибасини ўрганмоқда.
Бошқа тафсилотлар билан мана шу 👉🏼ҳавола орқали танишишингиз мумкин.