Бугунги кунда тиббиёт ходимларининг чет эл давлатларидаги нуфузли шифохоналарда малака оширишини ташкил қилиш келгусида халқаро стандартларга мос равишда аҳолига ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш имконини яратади.
Бувайда туманидан жарроҳ, невролог, инфекционист, травматолог, гастроэнтеролог, неонатолог каби ўнлаб йўналиш мутахассислари Туркиянинг Анқара шаҳрида ўз соҳалари бўйича малака оширмоқда.
— Шифокорларимиз билан ташхислаш, даволашнинг замонавий ва инновацион усуллари, уларни қўллашда юқори технологик ускуналардан фойдаланиш борасида билим ва кўникмаларини биргаликда оширмоқдамиз, — дейди Бувайда тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Исроил Абдумаликов. — Малака ошириш дастурлари бўйича асосан Анқара шаҳридаги Ибн Сино клиникасида билим ва кўникмаларимизни ривожлантирмоқдамиз. Шунингдек, маҳаллий мутахассислар билан жарроҳлик амалиётларида қатнашяпмиз.
Мулоқот давомида йўналишлар бўйича туркиялик шифокорлар билан келгусида юртимизда улар иштирокида маҳорат дарслари ташкил қилишга, онлайн тарзда тиббиётдаги янгиликлар ҳақида билимларни алмашиб туришга келишиб олинди. Жараён давом этади.