Ҳар бир инсонга меҳр ва эътибор

Фарғона шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиника бугун аҳолининг ишончи ва эътиборига сазовор бўлган муассасалардан бирига айланди. Бош врач Абдуваҳоб Араббоев раҳбарлигидаги жамоа ҳар бир инсонга меҳр ва эътибор билан муносабатда бўлиб, замонавий тиббий хизмат кўрсатишда фидокорона меҳнат қилмоқда.

Бу ерда турли йўналишлардаги малакали шифокор ва мутахассислар фаолият юритади. Улар аҳолига касалликларни олдини олиш, аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволашда замонавий усуллардан фойдаланмоқда.

2025 йилда поликлиникада Ташаббусли бюджет лойиҳаси доирасида жами 2 миллиард 600 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Бу маблағ ҳисобидан муассаса тўлиқ таъмирланди, интерьер замон талабларига мос равишда янгиланди ва энг сўнгги тиббий ускуналар билан жиҳозланди.

03
01
02
07
05
06
09
08

Бугунги кунда поликлиникада замонавий рентген аппарати, ЛОР-комбайн, ультратовушли текширув, эхокардиография, электрокардиограмма каби ускуналар фаол ишлаб турибди. Бу имкониятлар ташхис жараёнини тез ва аниқ, даволашни эса самарали қилишга ёрдам бермоқда.

Шунингдек, катталар ва болалар бўлими, диагностика бўлими ҳамда аёллар маслаҳатхонаси фуқароларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Ҳар куни юзлаб беморлар шифокорларнинг малакали ёрдамидан фойдаланмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, поликлиника фаолияти тўлиқ рақамлаштирилган. Бу эса тиббий хизматларни янада тезкор, шаффоф ва қулай шаклда ташкил этишга замин яратди. Ҳар бир мурожаат электрон тарзда қайд этилиб, шифокорлар ва беморлар ўртасида самарали мулоқот йўлга қўйилган.

Фарғона шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси жамоаси учун асосий мақсад — инсон саломатлиги, ҳар бир инсонга меҳр ва эътибор кўрсатишдир.