Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида янгиланишлар давом этмоқда

Фарғона вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида даволаш шароитларини яхшилаш, замонавий тиббий ускуналар билан таъминлаш ва мутахассислар салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.

365 ўринга мўлжалланган муассасада 750 нафардан зиёд ходим фаолият юритади. Марказ бош шифокори Одилжон Умаровнинг маълум қилишича, сўнгги йилларда пульмонология, оториноларингология, неврология, кардиология, реабилитация, клиник лаборатория бўлимлари ҳамда консультатив поликлиника таъмирланди.

Шунингдек, муассаса учун 17 турдаги замонавий тиббий аппаратура ва зарур асбоб-ускуналар харид қилинди.

Марказда тиббиёт таълими ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга ҳам эътибор қаратилган. Фарғона жамоат саломатлиги институтининг клиник кафедралари учун 11 та ўқув хонаси ва конференция зали ажратилган. Бу ерда талабаларнинг амалий машғулотлар ўташи, профессор-ўқитувчиларнинг даволаш жараёнларида иштирок этиши учун шароит яратилган.

02
03
01
04

Бундан ташқари, марказ шифокорлари томонидан хирургия, травматология ва клиник лаборатория йўналишлари бўйича учта ўқув дастури ишлаб чиқилган.

Муассаса фаолиятида кадрлар масаласига ҳам алоҳида ўрин берилмоқда. Хусусан, хорижда таҳсил олган, илмий даражага эга ёш мутахассисларни ишга жалб этишга эътибор қаратилмоқда. Бу эса тиббий амалиёт билан бирга илмий ва таълим йўналишларини ҳам ривожлантиришга хизмат қилади.

Муқимжон ҚОДИРОВ.