Трансплантология соҳасида Беларусь билан ҳамкорлик йўлга қўйилади

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Рамзбек Ўтабоев бошчилигидаги Ўзбекистон тиббиёт делегацияси Беларусь Республикасида хизмат сафарида бўлди. Делегация таркибидан Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали директори Камолиддин Раҳмонов, Олтиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Дилмурод Сатторов ва Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Нуриддин Ҳожимахсудов ҳам ўрин олди.

Ташриф Минск марказий туман клиник касалхонаси фаолияти билан танишувдан бошланди. Муассаса бош шифокори Гарик Барсамян билан учрашувда тиббиёт кадрларини тайёрлаш, замонавий даволаш стандартларини жорий этиш ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Делегация аъзолари касалхонанинг даволаш бўлимлари ва беморлар учун яратилган шароитларни ҳам кўздан кечирди.

Минск вилояти клиник туғруқхонаси бош шифокори Пётр Мосько билан мулоқотда хавфсиз оналикни таъминлаш, замонавий тиббий ва ахборот технологияларини жорий этиш борасидаги тажрибалар ўрганилди. Муассасанинг бу йўналишдаги фаолиятига бағишланган тақдимот ҳам намойиш этилди.

Делегациянинг «Хирургия, трансплантология ва гематология Минск илмий-амалий маркази»га ташрифи амалий аҳамияти билан ажралиб турди. Марказ директори Олег Руммо билан учрашувда Фарғонада трансплантация амалиётларини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, Беларусь мутахассислари билан доимий ҳамкорлик қилиш, маҳаллий шифокорлар малакасини ошириш ва ўқув курсларини ташкил этишга келишилди. Жумладан, беларуслик кардиожарроҳнинг Фарғонага ташриф буюриб, маҳаллий мутахассислар учун маҳорат дарси ўтказиши режалаштирилди.

Мазкур ҳамкорлик тиббиёт соҳасида илғор тажрибаларни ўзлаштириш, янги тиббий йўналишларни ривожлантириш ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлар турини кенгайтиришга хизмат қилади.

———-