Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида таҳсил олаётган ҳиндистонлик талабалар ўзбек тилини нафақат ўрганиш, балки унинг орқали халқимиз маданияти, адабиёти ва урф-одатларини ҳам яқиндан билишга интилмоқда. Улар орасида ўзбекча бемалол суҳбатлаша оладиган, миллий қўшиқларимизни куйлайдиган ёшлар ҳам бор.
Бугун мазкур олийгоҳда 1619 нафар ҳиндистонлик талаба таҳсил олмоқда. Улар биринчи курсдан бошлаб ўзбек тилини ўрганадилар. Тилни чуқурроқ ўзлаштиришни истаганлар эса қўшимча машғулотларда ҳам қатнашадилар.
— Ўзбек ва хорижий тиллар кафедрасида чет эллик талабаларимизга алоҳида ўзбек тили фани ўтилади. Бу фан биринчи курсдан бошланади. Талабаларни маҳаллий шароитда мулоқотга киришишга, беморлар билан ишлаш жараёнида зарур бўладиган мулоқот кўникмаларига ўргатамиз. Кейинги босқичларда эса касбий фаолиятига тегишли терминлар машғулотларда ўргатилади, — дейди педагогика фанлари доктори, профессор Ирода Иминохунова.
Раж Пахмури ҳам ана шундай талабалардан. У уч йилдан буён институтда таҳсил олади. Ўзбекистонга илк бор келиб, маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилганида ўзбек тилини ўрганишга қарор қилган. Аммо бу жараён у ўйлагандек осон кечмаган.

— Бошида қийин бўлган. Ўзбекча сўзлар узун. Масалан, «чарчамаяпман» деган сўзнинг ўзи қизиқ ҳам, мураккаб ҳам, — дейди у кулиб. — Ҳозир ўрганиб, кўникиб кетдим. Бу ерда курсдошларим доим ёрдам беришга тайёр. «Муаммо бўлса, қўнғироқ қилинг», деб қўллаб-қувватлашади. Шунинг учун кейинчалик қийинчилик сезмадим.
Раж бугун ўзбек тилида турли мавзуларда суҳбатлаша олади. У халқимизнинг муомала маданияти ва самимий муносабатини ҳам қадрлайди. Қолаверса, ўзбеклар билан суҳбатлашганда уларни Ҳиндистон маданияти ҳам қизиқтиришини яхши билади.
— Ўзбекларга Болливуд, Раж Капур, Шоҳрух Хон ва ҳинд қўшиқлари қизиқ. Бобур авлодлари ва Тожмаҳал ҳақида ҳам сўрашади. Мен уларга билганларимни айтиб бераман. Айрим сўзлар ҳинд ва ўзбек тилларида бир-бирига яқин. Масалан, «гул» сўзи ҳинд тилида ҳам бор. Ўзбек тилини яхши кўраман. Бу тил энг гўзал, энг ширин тил. Сўзласам, қалбимдан сўзлайман, — дейди талаба.
Ражнинг ўзбек тилига қизиқиши суҳбат билан чекланмайди. У ўзбек шоир ва ёзувчилари ҳақида маълумот олиш, миллий қўшиқларни ўрганиш, турли танловларда иштирок этишга ҳам иштиёқманд. Ҳатто ҳинд фильмларини ўзбек тилига таржима қилишга ҳаракат қилади.
Надимини Нимагари ҳам ўзбек тили ва маданиятига меҳр қўйган талабалардан. Унинг қалбидан, айниқса, Фарғона қўшиқлари жой олган. «Омон ёр» қўшиғини жуда яхши кўради. Миллий таомларимиз ҳам унга манзур.

— Ўзбек халқи жуда хушмуомала. Бу ерда одамлар доим чиройли гапиришади. Институтимиздаги барча ҳинд талабалари ҳам ўзбек тилини билмайди. Шунинг учун кўча-кўйда уларга таржимонлик қилишимга тўғри келади. Қўлимдан келганича ёрдам бераман, — дейди Надимини.
У ўзбек тилини ўрганиш билан бирга халқимизнинг маданияти ва қадриятларини ҳам чуқурроқ билишга ҳаракат қилади. Яқинда таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган халқаро танловда иштирок этиб, ўзбек тилида маъруза қилган, ўзбек халқи маданияти ҳақида сўзлаб берган.
Институтда ўзбек тилини яхши ўзлаштирган хорижлик талабалар бошқаларга ҳам кўмаклашади. Бу эса тил ўрганишнинг амалий аҳамиятини кўрсатади: кундалик мулоқотда бир-бирларига ёрдам беради, янги дўстлар орттиради ва маҳаллий муҳитга тезроқ мослашади.
Раж ва Надиминининг ҳикоялари тилни ўрганиш фақат янги сўзларни ўзлаштиришдан иборат эмаслигини кўрсатади. Тил орқали халқнинг маданияти, қадриятлари ва одамларга муносабати ҳам кашф этилади. Ҳиндистонлик ёшларнинг ўзбекча суҳбатлашиши, миллий қўшиқларимизни куйлаши ва маданиятимизга қизиқиши эса икки халқ ўртасидаги дўстликнинг самимий ифодасидир.
Аҳрор ЗИЁДОВ.