Болаларда асаб тизими касалликларини эрта аниқлаш, тўғри ташхис қўйиш ва даволашни самарали ташкил этиш малакали мутахассислар ҳамда замонавий диагностика усулларини талаб қилади. Айниқса, Дюшен мушак дистрофияси ва субўткир склерозланувчи панэнцефалит каби кам учрайдиган касалликларда беморларни мунтазам кузатиш ва узлуксиз тиббий ёрдам билан таъминлаш муҳим.
Мамлакатимизда бу йўналишдаги тиббий ва ижтимоий ёрдамни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентнинг 2025 йил 3 ноябрдаги ПҚ-331-сон қарори билан 2026–2030 йилларда кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга ёрдам кўрсатиш дастури тасдиқланган.
Дастурга кўра, давлат бюджети ҳисобидан бепул даволанадиган касалликлар турини 5 тадан 10 тага етказиш, бемор болаларни дори воситалари, махсус озиқ-овқат ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш даражасини 95 фоиздан 99 фоизга ошириш белгиланган. Дюшен мушак дистрофияси ва склерозланувчи панэнцефалит ҳам дастурда қамраб олинган касалликлар қаторига киради.
Бу вазифаларни амалга оширишда мутахассисларнинг билими ва амалий кўникмалари муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда Тошкент шаҳридаги Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг 9 нафар мутахассиси Фарғона вилоятида қарийб бир ой давомида невролог шифокорлар учун малака ошириш машғулотларини ўтказди.
«Эпилепсия ва пароксизмал ҳолатлар» ҳамда «Нерв-мушак касалликларининг замонавий комплекс диагностикаси. Миопатиялар» мавзуларидаги машғулотлар давомида вилоят шифокорлари мураккаб неврологик касалликларни ташхислаш ва беморларни олиб бориш бўйича билимларини оширдилар.
Машғулотларда Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рамзбек Ўтабоев ҳам иштирок этди. У орфан касалликлар, жумладан, Дюшен мушак дистрофияси ва субўткир склерозланувчи панэнцефалит ташхиси қўйилган, диспансер назоратидаги болалар билан ишлашда масъулиятни ошириш зарурлигини таъкидлади. Беморларнинг ҳолатини мунтазам кузатиш, зарур тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш ва диспансер назоратини самарали ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.
—Кам учрайдиган касалликларда натижа фақат ташхис қўйиш билан белгиланмайди,— дейди болалар неврологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шоанвар Шомансуров. —Беморни узоқ муддат кузатиш, даволаш режасини ўз вақтида қайта кўриб чиқиш ва оиласига зарур тавсиялар бериш ҳам муҳим. Шу боис мутахассислар малакасини ошириш ва тиббий ёрдамни давлат дастурларида белгиланган вазифалар билан уйғунлаштириш болалар саломатлигини муҳофаза қилишда алоҳида аҳамиятга эга.
———-