Фарғона шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси капитал таъмирдан сўнг замонавий қиёфа касб этди. Муассасада беморлар ва тиббиёт ходимлари учун қулай шароитлар яратилиб, хоналар янги тиббий ускуналар билан жиҳозланди.
Жумладан, лабораторияга ўрнатилган иммунохимик анализатор гормонлар бўйича қон таҳлилларини ўтказиш имконини бермоқда. Хотин-қизлар маслаҳатхонасида ҳам замонавий диагностика воситалари ёрдамида текширувлар олиб борилмоқда.
Йил бошидан буён мазкур бўлимга 2 минг 997 нафар аёл мурожаат қилган. Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган Dr.Camscope рақамли видеокольпоскопи ёрдамида ўтказилган текширувлар давомида 107 нафар аёлда гинекологик, жумладан, онкологик касалликлар эрта аниқланган.
Поликлиникада 10 ўринли кундузги стационар, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, физиотерапия хоналари ва бошқа бўлимлар фаолият юритмоқда. Тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга ҳам эътибор қаратилган.
— Лойиҳаларимиз «Очиқ бюджет» дастури доирасида тўрт марта ғолиб бўлди, — дейди поликлиника бош шифокори Абдуваҳоб Араббоев. — Ажратилган маблағлар ҳисобидан болалар бўлими ташкил этилди, тиббий ускуналар харид қилинди ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, хотин-қизлар маслаҳатхонаси учун ҳомиладор аёлларни перинатал скринингдан ўтказишга мўлжалланган ультратовуш аппарати харид қилинди.
Амалга оширилган ишлар натижасида поликлиникада текширув ва даволаш имкониятлари кенгайиб, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат турлари кўпайди.
Муқимжон ҚОДИРОВ.