Ҳурматли соҳа фахрийлари, азиз шифокорлар, ҳамширалар ва фармацевтика ходимлари!
Аввало, барчангизни Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш, хасталикларга қарши курашиш, одамларга умид ва ишонч бағишлашдек шарафли вазифани зиммасига олган тиббиёт ходимларининг меҳнати ҳамиша юксак қадрга муносиб.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли вилоятимиз тиббиётида ҳам сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда. Сўнгги беш йилда соҳага 658 миллиард сўм йўналтирилиб, 166 та тиббиёт муассасаси қурилди ва реконструкция қилинди.
Бугунги кунда асосий эътибор аҳолига яқин жойда сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта аниқлашга қаратилмоқда. Жорий йилда 2 миллион 257 минг нафар аҳоли скрининг текширувларидан ўтказилди, эмлаш қамрови эса 99,8 фоизга етди.
Ихтисослашган тиббий ёрдам имкониятлари ҳам кенгаймоқда. Вилоятимизда 25 турдаги юқори технологик операциялар йўлга қўйилиб, жорий йилда 18 мингта жарроҳлик амалиёти бажарилди.
Давлат тиббий суғуртаси механизмлари ҳам аҳоли манфаатларига хизмат қилмоқда. Ушбу тизим доирасида 411 минг нафар аҳолига 2,8 триллион сўмлик кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатилди.
Фармацевтика саноатида ҳам ўсиш кузатилмоқда. Вилоятдаги 56 та корхонада 196 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 150,8 фоизни ташкил этди.
Албатта, бу натижалар билан бир қаторда олдимизда турган вазифалар ҳам кўп. Бирламчи тиббий ёрдамни янада кучайтириш, касалликларнинг олдини олиш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш ҳамда малакали кадрларни қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам асосий эътиборимизда бўлади.
Бу вазифаларни амалга оширишда ҳар бир шифокор, ҳамшира, фармацевт ва тиббиёт тизимининг барча ходимлари муҳим ўрин тутади. Шу фурсатдан фойдаланиб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча ҳамкасбларимизга, кўп йиллик тажрибаси билан ёшларга ўрнак бўлаётган фахрийларимизга самимий миннатдорлик билдираман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман. Халқимиз саломатлиги йўлидаги эзгу ишларингизда доимо куч-ғайрат ва шижоат ҳамроҳ бўлсин!
Касб байрамингиз муборак бўлсин!
Рамзбек ЎТАБОЕВ,
Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи в.в.б.
———-