Доимий хавотир ва қўрқув: қачон шифокорга мурожаат қилиш керак?

Ҳар бир инсон ҳаётида хавотир, қўрқув, асабийлашиш ёки руҳий зўриқишни бошдан кечиради. Бу табиий ҳолат. Аммо баъзан бундай кечинмалар узоқ давом этиб, инсоннинг кундалик ҳаёти, меҳнат фаолияти ва яқинлари билан муносабатларига ҳам таъсир кўрсата бошлайди. Доимий безовталик, уйқусизлик, тез жаҳл чиқиши ёки диққатни жамлай олмасликка бефарқ қараш керак эмас.

Халқ орасида бундай ҳолатлар кўпинча невроз деб аталади. Тиббиётда эса хавотир, қўрқув ва стресс билан боғлиқ турли руҳий бузилишлар алоҳида баҳоланади. Уларнинг ҳар бири ўз белгилари ва даволаш ёндашувларига эга.

Невротик бузилишларни қандай таниш мумкин?

Бундай ҳолатларда инсон ўта таъсирчан, жиззаки, безовта бўлиб қолиши, кайфияти тез-тез ўзгариши мумкин. Баъзан у арзимаган вазиятлардан ҳам қаттиқ хавотирга тушади, ўзини бошқара олмаётгандек ҳис қилади.

Шунингдек, уйқуга кетиш қийинлашиши, тунги уйқу бузилиши, тез чарчаш, диққатни жамлай олмаслик ва иш қобилиятининг пасайиши кузатилади.

Айрим беморларда руҳий безовталик жисмоний аломатлар билан ҳам намоён бўлади. Масалан, юрак уришининг тезлашиши, терлаш, қўл-оёқ титраши, бош оғриғи, бош айланиши, мушаклар таранглиги ёки нафас етишмаётгандек ҳис қилиш мумкин.

Бироқ бу белгиларнинг ўзи невротик бузилиш борлигини англатмайди. Улар бошқа соматик касалликларда ҳам учраши мумкин. Шунинг учун тўғри ташхис қўйиш муҳим.

Оддий асабийлашишдан фарқи нимада?

Кундалик ташвиш ёки муайян вазият туфайли асабийлашиш, одатда, муаммо бартараф этилганда камаяди. Невротик бузилишларда эса хавотир ва безовталик узоқроқ давом этиши, баъзан аниқ сабабсиз ҳам пайдо бўлиши, уни назорат қилиш қийинлашиши мумкин.

Энг муҳими, бундай ҳолат инсоннинг кундалик фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатади. У ишини бажаришда қийналади, яқинлари билан муносабатларида муаммоларга дуч келади ёки одатий машғулотларидан воз кеча бошлайди.

Қайси мутахассисга мурожаат қилиш керак?

Доимий хавотир, уйқу бузилиши, қўрқув ва бошқа аломатлар ҳаёт сифатига таъсир қила бошласа, психиатр ёки психотерапевтга мурожаат қилиш тавсия этилади. Зарур ҳолларда даволаш жараёнига тиббий психолог ҳам жалб қилинади.

Ташхис беморнинг шикоятлари, касаллик тарихи ва руҳий ҳолатини ўрганиш асосида қўйилади. Шифокор аломатлар қачон бошлангани, қанча давом этаётгани, нималар билан боғлиқлиги, уйқу ва иш қобилиятига таъсирини аниқлайди. Зарур ҳолларда бошқа касалликларни истисно қилиш учун қўшимча текширувлар ўтказилади.

Даволаш мумкинми?

Албатта. Невротик бузилишларни самарали даволаш имкони бор. Даволаш усули беморнинг ҳолати, ташхиси ва аломатлар оғирлигига қараб танланади.

Психотерапия, айниқса, когнитив-хулқ-атвор терапияси, хавотир ва қўрқувни келтириб чиқарадиган фикрлар, ҳиссиётлар ҳамда хулқ-атворни англаш ва бошқаришга ёрдам беради. Бемор муаммоли вазиятларга муносабатини ўзгартириш, хавотирни енгиш ва ўзини бошқариш кўникмаларини ўзлаштиради.

Айрим ҳолларда психотерапияга қўшимча равишда дори воситалари ҳам буюрилади. Бунда препарат ва унинг дозаси фақат шифокор томонидан белгиланади.

Шифохонада беморларга қандай ёрдам кўрсатилади?

Беморларга стационар ва амбулатор тартибда тиббий ёрдам кўрсатилади. Стационар даволаниш одатда икки ҳафтадан тўрт ҳафтагача давом этади. Амбулатор даволаш эса беморнинг ҳолати ва даволаш режасига қараб олти ойгача олиб борилиши мумкин.

Даволаш жараёнида психиатр ва тиббий психологлар иштирок этади. Зарур кўрсатмалар бўлганда бошқа мутахассислар ҳам жалб қилинади.

Шифохонада когнитив-хулқ-атвор психотерапияси, гипноз усули ва дори воситалари билан даволаш қўлланади. Уларни танлашда беморнинг индивидуал ҳолати ва тиббий кўрсатмалар ҳисобга олинади.

Руҳий саломатликка бефарқ бўлманг!

Руҳий зўриқиш ва доимий хавотирни оддий чарчоқ деб қабул қилиш ёки бу ҳақда гапиришдан уялиш тўғри эмас. Уйқу тартибига риоя қилиш, жисмоний фаолликни ошириш, дам олишга вақт ажратиш ҳам руҳий ҳолатни яхшилашга ёрдам беради.

Энг муҳими, безовта қилувчи аломатлар узоқ давом этса, ўзбошимчалик билан дори қабул қилмасдан, мутахассисга мурожаат қилиш лозим. Руҳий саломатлик ҳам жисмоний саломатлик каби эътибор ва ўз вақтида ёрдамни талаб қилади.

Акмалжон ЎРМОНЖОНОВ,
Фарғона вилояти 2-сонли руҳий касалликлар шифохонаси врач психиатр, психотерапевти.