Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Тошкент халқаро инвестиция форумига ташриф буюрган Ўзбекистон–Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, ACWA Power раиси Муҳаммад Абунайян ҳамда Vision International Investment Company президенти ва бош ижро этувчи директори Омар Ал-Мидани бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги стратегик ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ Фарғона вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида 800 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохона барпо этиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида вазирлик ҳамда танлов ғолиби бўлган хусусий шерик — “Vision International Investment Company” ва KOS Construction Mekanik Elektrik Fe LLC консорциуми ўртасида битим имзоланган.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳам мазкур форум доирасида Омар Ал-Мидани бошчилигидаги делегация билан учрашиб, ҳудудда ушбу йирик шифохона қурилиши ҳамда унга туташ ҳудудларда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.
Лойиҳа доирасида 800 ўринли замонавий тиббиёт муассасаси халқаро стандартлар асосида барпо этилиб, энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади ва узоқ муддатли техник хизмат кўрсатиш тизими жорий этилади. Шунингдек, бешта мавжуд ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари филиаллари ягона комплексга бирлаштирилади.
Янги тиббиёт мажмуаси Фарғона водийси ва қўшни ҳудудлар аҳолисига кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, аъзолар трансплантацияси, нефрология ва ортопедия каби йўналишларда юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатиш имконини яратади. Шу билан бирга, 160 ўринли интенсив терапия ва шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари ҳамда барча зарур клиник хизматлар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида тиббий таълим, фан ва амалиётни уйғунлаштирувчи “Fergana Plus” тиббий таълим кластери ҳам барпо этилади. Унинг таркибида ҳамширалар тайёрлаш мактаби, тиббиёт университети ва меҳмонхона қурилиши режалаштирилган.
Ушбу йирик давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг умумий қиймати қарийб 300 миллион АҚШ долларини ташкил этади. У Марказий Осиёдаги энг йирик замонавий соғлиқни сақлаш инфратузилма лойиҳаларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Учрашувлар якунида томонлар лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, шунингдек, янги ташаббуслар бўйича алоҳида “йўл харитаси” ишлаб чиқиш ва амалий ишларни бошлаш юзасидан келишувга эришдилар.