Янги туғилган чақалоқнинг ҳаётидаги илк дақиқалар жуда муҳим. Айниқса, муддатидан олдин ёки турли асоратлар билан дунёга келган гўдакларни парваришлаш, уларнинг ҳаётий кўрсаткичларини назорат қилиш ва зарур тиббий ёрдам кўрсатиш неонатологдан катта билим, тажриба ва масъулият талаб этади.
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона вилоят филиали врачи, олий тоифали неонатолог Малика Вахабова қарийб 36 йилдан буён шу соҳада меҳнат қилиб келмоқда.
Унинг тиббиётга бўлган меҳр ва қизиқиши Андижон давлат тиббиёт институтининг педиатрия факультетида таҳсил олган йилларидан бошланган. Олий таълимни тамомлагач, «Неонатология» мутахассислиги бўйича интернатурани ўтади. Меҳнат фаолиятини 1990 йилда Андижон тумани марказий шифохонасида врач-неонатолог сифатида бошлади. 2003 йилдан буён эса Фарғонадаги мазкур муассасада ишлаб келмоқда.
Йиллар давомида тўплаган тажрибаси билан бирга, Малика Вахабова неонатология соҳасидаги янгиликларни ўзлаштириш, илғор усулларни амалиётга татбиқ этиш ва ҳамкасбларининг малакасини оширишга ҳам ҳисса қўшиб келмоқда.
У ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматларини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳалар доирасида миллий тренер сифатида иштирок этган. Чақалоқлар бирламчи реанимацияси, янги туғилган соғлом ва бемор болаларни парваришлаш, неонатал жиҳозлардан самарали фойдаланиш ҳамда респиратор терапия бўйича республика ҳудудларида ташкил этилган семинарларда мутахассисларга билим ва тажрибасини етказган.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган миллий қўлланмалар, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари ва халқаро стандартларни вилоятдаги туғруқ муассасалари амалиётига татбиқ этишда қатнашиб келмоқда.
У меҳнат қилаётган филиал жамоаси ҳам она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасида қатор натижаларга эришмоқда. Эсингизда бўлса шу йил июль ойида муассасада бир йўла уч нафар қизалоқ — Самия, Саъдия ва Сумайя дунёга келди. Она ва чақалоқларнинг аҳволи яхши бўлишида Малика Вахабованинг ҳамкасблари билан ҳамжиҳатликдаги меҳнати муҳим бўлди.
Филиалнинг халқаро стандартларга мувофиқлик сертификатига эга бўлиши ҳам муассаса фаолиятидаги муҳим натижалардан биридир. Бу ерда замонавий тиббий технологиялардан фойдаланиш, асоратли кечаётган ҳомиладорлик ва туғруқ ҳолатларида, шунингдек, бемор ҳамда муддатидан олдин туғилган чақалоқларга ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш имкониятлари мавжуд.
Оиласи, уч нафар фарзанднинг онаси, нозик қўлли, масъулиятли касб эгаси бўлган Малика Вахабова фаолиятининг яна бир йўналиши — ёш мутахассисларга устозлик қилиш. У филиалдаги ёш шифокорлар ва ҳамшираларга касбий тажрибасини ўргатиб, уларнинг малакасини ошириши ва мутахассис сифатида шаклланишига кўмаклашади. Бугун у билан бирга кўплаб шогирдлари фаолият юритмоқда.
———-