Пойтахтимиздаги муҳташам «JW Marriott Tashkent» меҳмонхонаси тиббиёт оламининг энг йирик ва нуфузли анжуманларидан бирига мезбонлик қилди. Юртимизда тиббиёт илм-фанини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида IV Халқаро эндокринологлар конгресси («Тўрақулов ўқишлари — 2026») бўлиб ўтди.
Дунё тиббиёти эли Тошкентда йиғилди
«Чегарасиз эндокринология: илм-фан, инновациялар ва клиник амалиёт» шиори остида ўтаётган ушбу йирик анжуман Академик Ё.Х. Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ташкил этилди. Анжуманда Ўзбекистон олимлари билан бир қаторда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Россия, Хитой, Япония, Финляндия ва Қатар каби дунёнинг энг ривожланган давлатларидан келган етакчи экспертлар ва шифокорлар жам бўлишди.
Конгресснинг энг ҳаяжонли лаҳзаларидан бири — Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Республика Эндокринология марказига халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтганлик тўғрисидаги юксак сертификатнинг топширилиши бўлди. Бу ўзбек тиббиётининг халқаро майдондаги яна бир катта эътирофидир.


Илм-фан ва амалиёт уйғунлиги
Тадбирда болалар эндокринологияси, қалқонсимон без касалликлари, семизлик ҳамда қандли диабетнинг оғир асоратларини олдини олиш каби долзарб мавзулар ўртага ташланди. Айниқса, Қатарнинг «Sidra Medicine» тиббиёт маркази профессори Халид Хуссейннинг болалардаги камёб (моноген) касалликларни генетик диагностика қилиш ва замонавий таргет терапиясини қўллаш ҳақидаги маърузаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Касаллик устидан қозонилган ғалаба: Саҳнада чинакам қаҳрамон!
Анжуманнинг энг таъсирли ва рамзий воқеаси эса инсоний ирода ва жасоратнинг юксак эътирофи бўлди. Тадбир доирасида юртдошимиз фарғоналик Фозилжон Машрапов алоҳида ҳурмат-эҳтиром билан саҳнага таклиф этилди.
Унга «Россия диабетик ассоциацияси» (РДА) томонидан таъсис этилган, буюк шифокор Александр Майоров номидаги «Қандли диабет билан ўтган 50 жасоратли йил учун» махсус медали ва халқаро Сертификати топширилди.
Қандли диабетнинг 1-типи (инсулинга қарам) билан ярим аср — 50 йил давомида шифокорлар тавсиясига қатъий амал қилиб, соғлом ва тўлақонли ҳаёт кечириш чинакам матонат намунасидир. Фазил аканинг ушбу мукофоти диабет ҳукм эмас, балки тўғри турмуш тарзи орқали енгиш мумкин бўлган ҳолат эканлигини бутун дунёга яна бир бор исботлади. Залдаги юзлаб шифокор ва олимлар ушбу ирода эгасини тик туриб, давомли қарсаклар билан олқишладилар.
Анжуман ўз ишини давом эттирди. Ушбу конгресс доирасида шифокорлар учун «Халқаро остеопороз мактаби» (IOF) ҳам ташкил этилиб, унда соҳа мутахассислари ўз малакаларини оширдилар.
———-