Тиббий суғурта: ўзаро ҳамкорлик, соғлиқ ва кафолат

Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали 2022 йил феврал ойидан давлат тиббий суғуртаси билан шартнома асосида иш фаолиятини олиб боради. Имтиёзга эга бўлган беморлар, гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, нафақадаги беморларнинг тўлиқ текширувлари, жарроҳлик амалиётлари, ўрин-жойлари давлат тиббий суғуртаси томонидан тўланади.

— Шифохонамизга 2022-2023 йилларда ҳар чорак учун 300 млн.дан ошиқроқ маблағ бериларди. 2025 йилнинг бир чораги учун 700 млн га яқин маблағ ажратилди. Бу ҳар йилгидан кўра икки баравар имтиёзга эга бўлган беморларга кўпроқ хизмат қилиш имконияти яратилади, — дейди муассаса бош шифокори Азиз Йўлдошев. — Мана 2022 йил феврал ойида 100 нафардан ортиқ беморга тиббий хизмат кўрсатган бўлсак, 2024 йилда 500 нафар беморга юқори технологик тиббий хизмат кўрсатдик.

— Бағдод туманидан келиб даволаняпман, – дейди бемор Кумушхон Ҳасанбоева. – Мен 1-гуруҳ ногиронлиги бор шахс бўлганим учун имтиёзли даволанаяпман. Ҳозир аҳволим анча яхши. Тиббиёт ходимларидан миннатдорман. Дори-дармонларга, бошқа тиббий хизматларга маблағ сарфламадим. Бунинг учун давлат тиббий суғуртасига раҳмат айтаман.

— Бу ерда шундай ихтисослашган шифохона борлигини билардик. Қува туманидан йўлланма асосида келдим, — дейди Ҳасанбой Мадаминов. — Шифохонага келганимдан сўнг, лаборатория, қон таҳлиллари каби барча текширувлардан ўтдим. Ҳеч қандай тўлов ҳақида гапиришмади. Мана шу тизимни ташкил этган ташкилотчиларга тану-жонлари соғ бўлишсин.