Фарғона вилоятида 2026 йилнинг дастлабки етти ойи бўйича она ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги асосий кўрсаткичлар ва долзарб муаммолар таҳлил қилинди.
Йиғилишда соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосарлари, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, перинатал марказлар, туғруқ бўлимлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тақдимотда профилактика, эрта аниқлаш ва юқори хавфли ҳомиладорларни кузатиш тизимини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, эрта туғруқлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 тадан 45 тага ошган. Шунингдек, бир йилгача бўлган туғруқ интервали ҳолатлари 90 тадан 211 тага кўпайгани репродуктив саломатлик соҳасида профилактик ишларга эътиборни кучайтириш зарурлигини кўрсатди.

Ҳомиладорларни эрта ҳисобга олиш бўйича ҳам айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. 12 ҳафтадан кеч ҳисобга олинган ҳомиладорлар сони ошган. Бу эса юқори хавфли ҳомиладорликларни ўз вақтида аниқлаш ва назорат қилиш аҳамиятини янада оширади.
Пренатал скрининг билан қамров вилоят бўйича 90,3 фоизни ташкил этган бўлса-да, айрим ҳудудларда бу кўрсаткич пастлигича қолмоқда. Таҳлил давомида туғма нуқсонларни эрта аниқлаш ва юқори хавфли ҳомиладорларни доимий мониторинг қилишни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Гўдаклар ўлими сабаблари таҳлилида перинатал давр касалликлари ва туғма нуқсонлар билан боғлиқ ҳолатлар асосий сабаблар қаторида экани қайд этилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан перинатал давр касалликлари билан боғлиқ ўлим ҳолатлари 6,8 фоизга, туғма нуқсонлар билан боғлиқ ўлим ҳолатлари эса 8,3 фоизга ошган.

Йиғилишда профилактика ишларига бефарқ бўлмаслик, хавфли ҳомиладорликлар ва асоратларнинг олдини олиш чораларини кучайтириш, ҳар бир ҳолатни чуқур таҳлил қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ўз вазифасига лоқайд муносабатда бўлган ходимларга нисбатан қатъий чоралар кўриш, туғруқ бўлимларининг реанимацион имкониятларини кенгайтириш ва юқори хавфли ҳомиладорларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
——————-