Соғлиқни сақлаш тизимида нималар ўзгармоқда?

Фарғона вилояти Кенгаши сессиясидан репортаж.

Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Примқулов соҳада 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар юзасидан ҳисобот тақдим этди.

03
02
01

Таъкидланганидек, Президент фармон ва топшириқлари ижросини таъминлаш доирасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, касалликларни эрта аниқлаш, юқори технологияли тиббий хизматларни кенгайтириш ва соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳисоботга кўра, жорий йилда вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги 16 та муассасада умумий қиймати 121,4 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Ҳисобот даврида улардан учтаси фойдаланишга топширилди.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида профилактик тадбирлар қамрови кенгайтирилди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 18–40 ёшли 738,8 минг нафар аҳоли профилактик тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада 103 мингдан ортиқ фуқарода турли касалликлар аниқланиб, уларнинг аксарияти амбулатор ёки стационар шароитда соғломлаштирилди.

Шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва касалликлар профилактикасини кучайтириш бўйича тизимли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Ҳафтанинг ҳар кунига белгиланган мавзулар асосида стрессга қарши курашиш, тамаки ва алкоголнинг зарари, соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ҳамда соғлом турмуш тарзига бағишланган тадбирлар ташкил этилди. Ҳисобот даврида вилоятнинг барча 19 та ҳудудида жами 24 минг 198 та тарғибот тадбири ўтказилиб, уларда 318 минг 283 нафар аҳоли иштирок этди. Тадбирлар доирасида 79 минг 648 та тарғибот материаллари тарқатилди, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эса 2 минг 576 та чиқиш амалга оширилди.

40 ёшдан юқори аҳоли ўртасида юрак-қон томир касалликлари ва қандли диабетни эрта аниқлаш бўйича кенг кўламли скрининглар ташкил этилди. Улар натижасида 7 273 нафарда юрак-қон томир касаллиги, 4 113 нафарда эса қандли диабет илк бор аниқланиб, даволаш ва диспансер кузатув чоралари белгиланди.

Аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш доирасида ҳам онкологик скрининглар давом эттирилди. Ҳисобот даврида қарийб 236 минг нафар аёл бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони бўйича текширувдан ўтказилди. Натижада кўплаб онкологик касалликлар эрта босқичда аниқланиб, беморларни даволаш чоралари кўрилди.

Сессияда она ва бола саломатлигига оид кўрсаткичлар ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, она ўлими ҳолатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайгани қайд этилди. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда чақалоқлар ўлими кўпайгани танқидий муҳокама қилиниб, бу борада манзилли чора-тадбирларни кучайтириш вазифаси қўйилди.

Кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда давлат тиббиёт муассасаларида 8,5 мингдан ортиқ шифокор ва 41 мингдан зиёд ўрта тиббиёт ходими фаолият юритмоқда. Бироқ тизимда 449 нафар шифокор мутахассисига эҳтиёж сақланиб қолмоқда. Мавжуд бўш ўринларни тўлдириш, ёш мутахассисларни ҳудудларга жалб этиш ҳамда хорижда малака ошириш ишларини давом эттириш белгиланди.

Тиббий хизматларни дори воситалари билан таъминлаш юзасидан ҳам амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди. Ҳисобот даврида имтиёзли тоифадаги беморлар учун 20,4 миллиард сўмлик дори воситалари ва тиббий сарф материаллари марказлашган тартибда етказиб берилгани маълум қилинди.

Муҳокамада аҳоли мурожаатлари таҳлили ҳам кўриб чиқилди. Энг кўп мурожаатлар даволаниш учун моддий ёрдам, ногиронлик масалалари, ишга жойлашиш, тиббий хизмат сифати ҳамда тиббиёт ходимлари фаолияти билан боғлиқ бўлгани қайд этилди. Масъулларга мазкур мурожаатларнинг ҳар бири бўйича тизимли ечимлар ишлаб чиқиш топширилди.

Сессияда давлат-хусусий шериклик асосида Фарғона шаҳрида барпо этиладиган замонавий кўп тармоқли шифохона лойиҳасининг амалга оширилиши ҳақида ҳам ахборот берилди. Қайд этилишича, халқаро тендер якунланиб, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон компаниялари консорциуми билан давлат-хусусий шериклик битими имзоланган. Айни пайтда лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда. Янги тиббиёт мажмуасини 2029 йил 6 декабрда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Мазкур лойиҳа доирасида ҳозирги кунда фаолият юритаётган 5 та шифохона ягона замонавий тиббиёт мажмуаси таркибида фаолият олиб бориши кўзда тутилган.

Сессия якунида тегишли қарор қабул қилиниб, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Примқуловнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинди. Қарорда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, профилактикани кучайтириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда соҳадаги назоратни кучайтиришга қаратилган вазифалар белгиланди.