Нурга элтувчи ислоҳотлар

Кўриш қобилияти инсон учун энг бебаҳо неъматлардан бири. Уни асраш ва тиклаш эса замонавий тиббиётнинг энг муҳим вазифаларидан. Бугун Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида айнан шу мақсад йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Филиал 100 ўринли стационар ва кунига 250 нафар беморни қабул қилиш қувватига эга поликлиника орқали минглаб фуқароларга малакали офтальмологик ёрдам кўрсатмоқда. Бу ерда тажрибали шифокорлар томонидан катаракта, глаукома, тўр парда ва шох парда касалликлари даволаниб, кўриш қобилиятини тиклашга қаратилган юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда.

Энг муҳими, ташхис қўйишда замон билан ҳамнафас технологиялардан фойдаланилмоқда. Оптик когерент томография (ОКТ), фундус камера, IOL Master, контактсиз тонометр ва бошқа замонавий ускуналар касалликни эрта босқичда аниқлаш ҳамда аниқ ташхис қўйиш имконини яратади.

Филиалда рақамли тиббиёт тизими ҳам изчил жорий этилган. DMED платформаси, замонавий компьютер техникаси ва рақамли қурилмалар шифокорлар ишини енгиллаштириб, беморларга хизмат кўрсатиш сифатини янада оширмоқда.

Бугунги ислоҳотларнинг энг катта натижаси рақамларда эмас, балки ўз вақтида ташхис қўйилиб, кўриш қобилияти сақлаб қолинган инсонлар тақдирида намоён бўлмоқда. Зеро, тиббиётдаги ҳар бир янгиланишнинг бош мақсади битта — инсон қадрини улуғлаш ва ҳар бир беморга сифатли, қулай ҳамда замонавий тиббий хизмат кўрсатишдир.