Фарғона шаҳрида “Саломатлик марафони” бошланди

Фарғона шаҳрида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта аниқлашга қаратилган “Саломатлик марафони” бошланди. Унинг очилиш тадбири Фарғона шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида бўлиб ўтди.

Марафоннинг асосий мақсади — аҳолини профилактик тиббий кўрикларга кенг жалб этиш, саломатликдаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва соғлом турмуш тарзига эътиборни кучайтириш.

Марафон доирасида фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган ҳолатларга кўра уларга зарур тавсиялар берилмоқда. Текширув натижаларининг DMED электрон тизимига киритилиши эса фуқаронинг саломатлик ҳолатини кейинчалик ҳам кузатиб бориш имконини беради.

Тадбирда кўз саломатлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Кўз касалликларини эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида кўчма офтальмология хизмати ташкил этилди. Шифокор Феруза Абдуллаева бошчилигидаги бригада ўнлаб фуқароларни қабул қилди. Мурожаат қилганларга зарур тавсия ва йўлланмалар берилди.

— Кўз билан боғлиқ айрим муаммолар дастлаб сезиларли белгиларсиз кечиши мумкин. Шунинг учун профилактик кўрикдан ўтиш, кўришдаги ўзгаришларга эътиборли бўлиш ва мутахассис тавсиясига амал қилиш муҳим, — дейди офтальмолог Феруза Абдуллаева.

“Саломатлик марафони” доирасида тиббий кўриклар билан бирга аҳолини жисмоний фаолликка ундаш, оммавий юришлар ва бадантарбия машғулотларини ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар ҳам ўтказилмоқда.