Ўзбекистонда 2–8 октябрь кунлари анъанавий равишда “Кексалар ҳафталиги” ўтказилди. Мазкур ҳафталик доирасида бутун мамлакат бўйлаб нуронийларнинг саломатлигини асраш ва уларга муносиб тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилди.
Фарғона вилоятида ҳам бу ҳафталик юксак масъулият ва меҳр билан ташкил этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги топшириғига мувофиқ, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан махсус режа ишлаб чиқилиб, унга асосан кенг кўламли тиббий кўриклар ўтказилди.
Жами 85 минг 175 нафар нуронийларни қамраб олиш кўзда тутилган бўлиб, шулардан 79 минг 429 нафари вилоятдаги тиббиёт муассасаларида малакали шифокорлар томонидан чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди.
Кўриклар давомида аниқланган ҳолатлар таҳлил этилганда, энг кўп тарқалган касалликлар қаторида:
-
юрак-қон томир тизими — 19 116 нафарда,
-
нафас олиш тизими — 5 932 нафарда,
-
асаб тизими — 5 894 нафарда,
-
эндокрин тизими — 5 720 нафарда,
-
буйрак тизими — 3 357 нафарда,
-
суюк-мушак тизими — 3 666 нафарда қайд этилди. Шунингдек, бошқа тизим касалликлари билан 26 858 нафар кексаларда муаммолар аниқланди.
Шифокорлар томонидан ҳар бир беморнинг соғлиғи атрофлича ўрганилди, керакли тавсиялар берилди. Натижада 65 616 нафар нуроний амбулатор шароитда соғломлаштирилди, яна 2 276 нафар туман даражасида, 197 нафар вилоят даражасида ва 22 нафар кексаларимиз республика даражасида стационарда даволанди.
Бу тадбир нафақат кексалар саломатлигини мустаҳкамлашга, балки уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга ҳам хизмат қилди. Шу билан бирга, шифокорлар ва маҳалла фаоллари ҳамкорлигида ҳар бир нуронийнинг ҳолидан хабар олиш, профилактик ишлар тизимли йўлга қўйилди.
Фарғонада ўтган “Кексалар ҳафталиги” яна бир бор нишонладики — юртда кекса авлодга ҳурмат, ғамхўрлик ва эътибор давлат сиёсати даражасидаги қадриятдир.