Фарғонада болалар тиббиёти соҳасида халқаро алоқалар мустаҳкамланмоқда.
Фарғона вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида нафақат маҳаллий аҳоли, балки қўшни Қирғизистон фуқароларига ҳам малакали тиббий ёрдам кўрсатилиб келмоқда. Бу ҳамкорлик икки қардош давлат ўртасидаги тиббий соҳадаги муносабатларнинг янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Шу йил 15 октябрь куни марказ бош врачи Шахобитдин Қўчқоров раҳбарлигидаги бир гуруҳ шифокорлар Қирғизистон Республикасининг Баткен вилояти Қадамжой туманидаги Учқўрғон қишлоқ шифохонасига ташриф буюришди. Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказилиб, бир қатор келишувлар имзоланди.
Томонлар келгусида тиббий туризм йўналишида ҳамкорликни кучайтириш, Қирғизистон фуқароларини Фарғонадаги марказда даволашни йўлга қўйишга келишиб олдилар. Бу ташаббус нафақат тиббий хизмат сифатига, балки икки давлат халқлари ўртасидаги дўстлик ва ишончни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Қайд этиш жоизки, ўтган йилда ҳам Қирғиз Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари Фарғона вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига ташриф буюриб, марказ фаолияти, муолажа жараёнлари ва замонавий шароитлар билан танишган эдилар.
Барча мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2019 йил 9 январдаги 5-сонли буйруғи ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда.