Фарғона шаҳридаги 25-сонли умумтаълим мактабида “Соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда ўқувчилар соғлом ҳаёт тарзи, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликнинг аҳамияти ҳақидаги билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамладилар.
Билим синови шаклида ўтказилган тадбирда 8-“Е” синфнинг 27 нафар ўқувчиси иштирок этди. Улар соғлом турмуш ҳақида ўз қарашларини иншо ёзиш орқали ифода этдилар. Бу жараён ёшларнинг соғлом турмушга бўлган қизиқиши ва масъулияти қанчалик юқори эканини кўрсатди.
Тадбир ташаббусчилари томонидан соғлом овқатланиш, жисмоний тарбия ва спортнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти борасида қизиқарли мулоқотлар ташкил этилди. Ўқувчилар савол-жавобларда фаол қатнашиб, билим ва фикрларини эркин баён этдилар.
Дилрабо Тиллахўжаева, 8-Е синф ўқитувчиси:
“Бугунги кунда ёшлар орасида соғлом турмуш тарзига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки ёшлар — бизнинг келажагимиз. Уларни жисмонан ҳам, ақлан ҳам соғлом тарбиялаш — ўқитувчилар ва ота-оналарнинг асосий бурчи, деб ҳисоблаймиз. Шу боис уларга зарур маслаҳатларни доимий равишда бериб боришимиз лозим.”
Тадбир якунида энг яхши иншо ёзган ва фаол иштирок этган ўқувчилар эсдалик совғалар ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланди. Бу уларни янада илҳомлантириб, келгусида соғлом турмуш тарзига риоя қилишда муҳим қадам бўлди.