“Соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида ёшлар ижодий баҳсда

Тошлоқ туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Юқори синф ўқувчилари ўртасида ташкил этилган расм чизиш ва иншо ёзиш танлови ёшлар орасида катта қизиқиш уйғотди. Ижодкор ёшлар “Соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида ўз қарашларини оқ қоғозга тушириб, соғлом ҳаётнинг инсон саломатлигидаги ўрнини ёрқин ифода этдилар.

Бир гуруҳ иштирокчилар турли ижодий асарларида соғлом турмуш тарзининг аҳамияти ва зарарли одатларнинг салбий оқибатларини очиб бердилар. Тадбир давомида соғлом ҳаёт тарғиботи кенг кўламли марафонга айланиб, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва чекиш каби иллатларнинг зарарлари ҳақида давра суҳбатлари ўтказилди.

Мазкур учрашувни Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Фарғона вилоят бўлинмаси раҳбари Ойдиной Насритдинова олиб борди. Унинг таъкидлашича, ёшлар тиббий маданият борасида етарли билимга эга ва бу уларнинг ҳаётий тажрибаларида яққол кўзга ташланмоқда.

Якунда ўз иқтидори ва ижодий маҳорати билан ажралиб чиққан ўқувчилар — Мунисахон Мусинжонова, Дурдонахон Ваҳобжонова, Абубакр Исмоилов ҳамда Муҳаррамой Абдусаматовалар тақдирланди. Шунингдек, мустақил фикр ва ҳаётий кузатишларини иншолари орқали баён этган Собиржон Турдиалиев, Мухлисахон Тоҳиржонова ва Диёрахон Маҳмуджоноваларнинг ишлари ҳам таҳсинга сазовор деб топилди.

photo_2025-09-16_13-33-06
photo_2025-09-16_13-33-23
photo_2025-09-16_13-33-17
photo_2025-09-16_13-33-21
photo_2025-09-16_13-33-14
photo_2025-09-16_13-33-15
photo_2025-09-16_13-33-18
photo_2025-09-16_13-33-12
photo_2025-09-16_13-33-10
photo_2025-09-16_13-33-08 (2)
photo_2025-09-16_13-33-08 (3)

Ташкилотчилар томонидан ғолибларга ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбир ёшларда соғлом ҳаётга интилиш, зарарли одатларга қарши иммунитет шакллантиришда муҳим қадам бўлди.

Мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант лойиҳаси доирасида ўтказилди.