Аслида инсонни халоватда яшаши учун кўп нарсанинг кераги йўқ. Тинч- тотув ҳаёт, меҳрибон оиласи, ўзи қадрлайдиган касб ва меҳнати ортидан турмуш фаровонлиги бўлса бас, – дейди Тошлоқ туманидаги туғруқхона бўлимининг узоқ йиллик тажрибага эга ҳамшираси Кумушхон Собирова.
Дарҳақиқат касбларнинг катта-кичиги ёки яхши-ёмони бўлмайди. Фақат ўз касбига садоқат билан, касбининг нозик жиҳатларини ўрганиб, унинг етук эгаси бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Кумушхон Собирова ёшлигидан оқ халат кийиб, ҳаста инсонларга ёрдам бериш орзуси билан улғайди. Яқинлари уни қўллаб-қувватлашди. 1985 йилда Марғилон Тиббиёт техникумини тамомлаб мана 20 йилдирки аёлларимизнинг она бўлишдек бахтга эришишларига ўз ҳиссасини қўшиб келяпти.
– Касбимни жудаям яхши кўраман, – дейди К. Собирова. – Оддий ҳамшира бўлсам ҳам касбим орқали кўплаб оилаларга фарзандли бўлишдек бахтни улашишга ҳисса қўшаётганимдан ва бахтиёр оиланинг бахтли бекаси эканимдан доимо фахрланаман.
Суҳбатдошимиз туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқхона бўлимида 15 йил катта ҳамшира вазифасида ишлаш баробарида кўплаб шогирдларга устозлик қилди.
Бугун шогирдларидан Моҳирахон Абдуллаева, Гулнорахон Рўзибоева, Нилуфархон Умарова, Шохсанамхон Мадраҳимовалар опа билан елкама-елка фаолият олиб бориб, ҳали-ҳамон ундан касб сирларини ўрганиб келишаётир.
– Шу ўринда касб маҳоратларини ўргатган устозларим Жамилахон Ғозиева, Ойшахон Ибрагимова, Мунаввархон Ҳакимовалардан бир умр миннатдорман. Ва улардан ўрганганларимни ҳамда фаолиятим давомида орттирган билимларимни доимо ёшларга ўргатишдан чарчамайман, – дейди К. Собирова мамнуният билан.
Ўз ишининг етук мутахассиси бўла олган Кумушхон Собирова турмуш ўртоғи Обиджон Зокиров билан 4 нафар қизни вояга етказиб барчаларини олий маълумотли педагоглар қилиб тарбиялашди. Бугун барча қизлари ўз оилалари бағрида фаровон ҳаёт кечириш билан бирга эгаллаган соҳалари бўйича ишлаб келмоқдалар.
13 нафар набиранинг севимли бувижониси бўлган суҳбатдошимиз набираларининг ҳам келажакда юрт корига ярайдиган инсонлар бўлишлари учун доимо ҳаракатда.
Ҳуснидахон ЯКУБОВА,
“Тошлоқ тонги” мухбири.