“Захм – танага тушган тамға, руҳга урилган жароҳат”

Фото: rehabaddict.ru

Захм (сифилис) — сурункали юқумли касаллик бўлиб, асосан жинсий алоқа орқали юқади. Уни оқиш трипонема бактерияси келтириб чиқаради. Бу бактерия инсон танида узоқ вақт сақланиб, жиддий асоратларга олиб келиши мумкин.

Қандай юқади?

Захм қуйидаги йўллар билан юқиши мумкин:

  • Жинсий алоқа орқали;
  • Оғиз ва шиллиқ қаватлар орқали (ўпиш, умумий идиш, гигиена буюмлари);
  • Сартарошхона ва косметолог жиҳозлари орқали;
  • Зарарланган қон орқали;
  • Онадан ҳомилага.

Асосий белгилари

  • Бирламчи босқич — жинсий аъзоларда қаттиқ, оғриқсиз яра (шанкер) пайдо бўлади.
  • Иккиламчи босқич — танада қичишмайдиган қизил тўшмалар, тугунчалар, оғизда оғриқсиз яралар, овоз ўзгариши, соч тўкилиши кузатилади.
  • Учинчи босқич — ички аъзолар, суяк, асаб тизимига жиддий зарар етади. Гуммалар (йирингли тугунлар) пайдо бўлади. Агар даволанмаса, инсоннинг ҳаётига хавф солади.

Захмнинг хавфи нимада?

  1. Ташқаридан билинмаслиги мумкин, аммо юқумли бўлиб қолади.
  2. Ҳомиладор аёллар захмни боласига юқтириши мумкин.
  3. Агар даволанмаса, инсонда оғир асоратлар келтириб чиқаради.

Қандай эҳтиёт чоралари керак?

  • Тасодифий жинсий алоқалардан сақланинг.
  • Шахсий гигиенага амал қилинг.
  • Никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтинг.
  • Шубҳали аломатлар бўлса, шифокорга мурожаат қилинг.

Энг муҳими — барвақт аниқлаш ва даволаш

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг талабига кўра, захмни аниқлаш учун махсус ИХА (иммунохемилюминесцент) тестдан ўтиш шарт. Бу тест никоҳдан аввал, ҳомиладорликда ва шубҳали ҳолатларда албатта ўтказилиши керак.

Қаерга мурожаат қилиш мумкин?

Фарғона вилояти тери-таносил касалликлари шифохонасининг “Хуфёна” хонасида бемалол, сир сақланган ҳолда  маслаҳат ва кўрикдан ўтишингиз мумкин.

Захм — оғриқсиз бошланиб, умрбод из қолдирувчи касаллик. Ҳаётингиз учун жавобгар бўлинг.

Алижон ИБРАГИМОВ,
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали шифокори.