Фарғоналик талаба АҚШнинг STEP 1 сертификатига эга бўлди

Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг 5-босқич талабаси Нурмуҳаммад Қурбонов АҚШнинг USMLE (United States Medical Licensing Examination) дастури доирасидаги STEP 1 имтиҳонини муваффақиятли топшириб, нуфузли халқаро сертификатни қўлга киритди.

Бу ютуқ нафақат институтимиз, балки бутун Фарғона вилояти тиббиёт тарихида илк бор қайд этилди!

STEP 1 — АҚШда шифокорлик фаолиятини давом эттириш ва у ердаги тиббиёт олийгоҳларида таҳсил олиш учун зарур бўлган муҳим босқичлардан бири бўлиб, ушбу сертификат “Даволаш иши” ва “Педиатрия” йўналишлари бўйича берилади.

Эндиликда талабамиз Нурмуҳаммад Қурбонов халқаро тиббий майдонга чиқиш, АҚШда ўқиш ва ишлаш имкониятига эга бўлди.

Институтда 2022 — 2023 ўқув йилидан бошлаб  USMLE дастури асосида “Даволаш иши” йўналиши очилган ва унда 3 минг талаба таҳсил олаётганлигини келтириш мумкин. Муҳими, институт Ўзбекистон бўйича АҚШнинг қатор ташкилотлари томонидан рўйхатга олинган ва тегишли сертификатларга эга бўлган ҳамда USMLE дастури асосида ўқитаётган ОТМ ҳисобланади. Бу ўқув юрти дипломи АҚШда ҳам тан олинади, деганидир.

АҚШ Тиббий Лицензиялаш Имтиҳони (USMLE) — Америка Қўшма Штатларида шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш учун талаб этиладиган уч босқичли имтиҳондир. Бу имтиҳон шифокорнинг билим, тушунча ва тамойилларни хавфсиз ва самарали тиббий ёрдам кўрсатишда қўллаш қобилиятини баҳолайди.

USMLE орқали Америкада тиббий амалиёт олиб бораётган шифокорлар умумий стандарт даражадаги назарий ва амалий билимларга эга эканига кафолат берилади.

USMLE қуйидаги уч босқичдан иборат:

1-босқич (Step 1): Асосий тиббиёт фанлари бўйича билимларни баҳолайди.

2-босқич CK (Clinical Knowledge): Клиник билим ва кўникмаларни баҳолайди.

3-босқич (Step 3): Шифокорнинг клиник амалиётда тиббий билимни тўғри қўллай олиш қобилиятини баҳолайди.

USMLE имтиҳони АҚШ Штатлари Тиббий Кенгашлари Федерацияси (FSMB) ва Миллий Тиббий Имтиҳон Бошқармаси (NBME) томонидан қўшма равишда ташкил этилади.

Ушбу уч босқичли имтиҳонларни муваффақиятли топшириш — Америка Қўшма Штатларида чекланмаган тиббий лицензия олиш учун шарт ҳисобланади.

Суратда: Институт ректори Акмал Сидиков ва Нурмуҳаммад Қурбонов акс этган.