Намуна бўлиш — тиббиёт ходимининг бурчи

Ҳар куни юзлаб беморлар шифохона эшигини очар экан, улар нафақат даво, балки маслаҳат, руҳий таскин ҳам излашади. Табиийки, тиббиёт ходимларининг ҳар бир сўзи, маслаҳати улар учун муҳим. Айниқса, соғлом турмуш тарзи ҳақидаги тавсиялар — фақат гап эмас, балки ҳаёт тарзига айланиши керак.

Ёзёвон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси ходимлари бу борада ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб келмоқда. Улар ҳар кун эрталаб, иш бошлашдан аввал 10 дақиқа жисмоний ҳаракатлар, гимнастика ва пиёда юриш машқларини бажаради. Бу фаолият нафaқат уларнинг ўз соғлиғи учун, балки аҳоли учун ҳам ўрнак бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Ёзёвон тумани 33-оилавий поликлиника ходимлари аҳоли вакилларини ҳам жалб қилган ҳолда, биргаликда гимнастика машғулотларини олиб боради. Бу эса тиббиёт ходимлари билан аҳоли ўртасидаги ҳамкорликни кучайтирар, соғлом ҳаёт тарзи тарғиботини янада оммалаштиради.

Эрталабги 10 дақиқали гимнастика — бу шунчаки машқ эмас, балки бутун кунга саломатлик пойдеворидир. Айниқса, кўп иш вақтида ўтириб ишловчи тиббиёт ходимлари учун бундай ҳаракатлар жуда зарур. Бу нафақат организмни фаоллаштиради, балки руҳий барқарорликка ҳам ҳисса қўшади.

Соғлом ҳаёт тарзини бошқаларга уқдираётган ҳар бир тиббиёт ходими аввало ўзи ҳам унинг тарғиботчиси эмас, амал қилувчиси бўлса, бу барчамиз учун ибрат бўлади.