Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида яқинда икки нафар чақалоқда юксак малакали ва мураккаб жарроҳлик операциялари муваффақиятли ўтказилди. Бу болаларда шифокорлар жуда кам учрайдиган ва кўпинча оғир оқибатларга, ҳатто ўлимга олиб келадиган туғма диафрагма чуррасини муваффақиятли бартараф этдилар.
Ҳар икки чақалоқ учун бу фақат бир операция эмас, балки ҳаёт билан ўлим ўртасидаги кураш эди. Ўша кунда жарроҳлик хонада фақат қўллар эмас, қалблар ҳам ишлаётганди.
Биринчи бемор — И.Носирова. У Марғилон шаҳар туғруқ бўлимидан ҳаётининг биринчи куниёқ марказга ўта оғир ҳолатда олиб келинди. Текширувлар натижасида унда қуйидаги оғир ташҳислар аниқланди: «Туғма ривожланиш аномалияси, чап томонлама ёлғон диафрагма чурраси, чап ўпка гипоплазияси, декстракардия, гипоксик ишемик энцефалопатия.»
Шошилинч равишда юқори технологияли жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу — ҳаёт учун илк ва энг муҳими бўлган кураш эди. Хозирда чақалоқнинг аҳволи қониқарли, у реанимация бўлимида кузатувда.
Иккинчи бемор — 3 ойлик М.Мирзакаримова. Туғилганидан бери кўп марта қайт қилиш ва нафас етишмаслиги билан шифохонага мурожаат қилган. Унга марказда «Туғма ривожланиш нуқсони, диафрагма қизилўнгач тешиги чурраси, пневмония оғир кечиши» ташхиси қўйилди. Чақалоққа диафрагма параэзофагеал пластикаси, деб аталувчи мураккаб операция ўтказилди.
Бу оғир жараённи жарроҳлар А.Абдуолимов, К.Қодиров, В.Комилов, анестезиолог Д.Тўйчиев ҳамда реаниматологлар Ж.Эралиев ва Д.Эшматовлар олиб боришди. Улар фақат малака билан эмас, балки меҳр ва масъулият билан ҳам ҳаракат қилишди.
Бу муваффақият — нафақат илғор тиббий технологиялар, балки жамоавий меҳнат, юракдан келиб чиққан масъулият ва фидокорлик самарасидир. Чақалоқларнинг ҳар бир нафаси, уларнинг ҳаётга қайтиши — шифокорлар, анестезиолог ва реаниматологлар меҳнатининг энг эзгу мукофотидир.