Ўзбекистон туманида ўтказилган китобхонлик танлови адабиётга бўлган муҳаббат ва қизиқишни янада кучайтирди. Мазкур танловда иштирок этганлар орасида 78-оилавий поликлиникада фаолият олиб бораётган ҳамшира — Муносибхон Исақова барчага ўрнак бўлди ва ғолибликни қўлга киритди.
— “Бўш вақтим бўлса, албатта китоб ўқийман. Айниқса, ўзбек ва рус ёзувчиларининг адабий асарларини мутолаа қиламан. Китоб инсонни тафаккурга ўргатади, ишга масъулият билан ёндашишга ундайди. Беморларга бўлган муносабатингиз ҳам китоб ўқиганингиз сари бошқача бўлиб бораверади,” — дейди Муносибхон Исақова.
Ҳақиқатдан ҳам, чинакам тиббиёт ходими учун илм ва меҳр-оқибат бирга юради. Китоб эса бу икки қадриятни янада чуқурлаштиради. Муносибхон опа ҳозирда Чингиз Айтматовнинг машҳур асари — “Жамила”ни синчковлик билан мутолаа қилмоқда. У бу асарни нафақат ўзига, балки бошқаларга ҳам тавсия этади.
— “Китоб инсоннинг дунёқарашини кенгайтиради, қалбини мусаффо қилади. Китоб ўқинг, у ҳаётингизга мазмун бағишлайди!” — деб таъкидлайди ғолиба ҳамшира.
Бундай китобхон ҳамширалар фаолияти нафақат тиббий хизмат сифатига, балки жамиятда маънавиятни юксалтиришга ҳам улкан ҳисса қўшади.
Маълумки, яқинда Ўзбекистон тумани тиббиёт бирлашмасида “2025 — Фарғонада Китобхонлик йили” доирасида “Китобхон ҳамшира” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Тадбирдан кўзланган мақсад — Давлат тили тўғрисидаги Фармон ижросини таъминлаш ҳамда жойларда китобхонлик маданиятини юксалтиришдан иборат бўлди. Танлов туман ҳокимлиги, маънавият ва маърифат маркази, тиббиёт бирлашмаси ва ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ўтказилди.