ОАВ вакиллари Шоҳимардондаги шифо маскани билан яқиндан танишишди

Фарғона вилоятининг энг чекка ва эксклав ҳудудларидан бири — Шоҳимардон қишлоғида жойлашган 64-оилавий поликлиника сўнгги пайтларда янгиланган инфратузилмаси ва кенгайтирилган хизмат турлари билан эътибор қозонмоқда.

Яқинда бир гуруҳ фарғоналик оммавий ахборот воситалари вакиллари ушбу поликлиника ва унда жойлашган амбулатор даволаш бўлимларида бўлиб, шифо масканининг фаолияти билан яқиндан танишишди.

Ташриф чоғида ОАВ вакиллари томонидан янги ташкил этилган туғруқ бўлими, беморлар учун яратилган шароитлар, ҳамда D-MED тизими орқали йўлга қўйилган иш жараёнлари кўздан кечирилди. Шу билан бирга, дори-дармон таъминоти масалалари ҳам ўрганилди.

Маълумотларга кўра, ушбу поликлиника 2200 нафар доимий аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Шунингдек, кунига ўртача 50 нафарга яқин Шоҳимардонга ташриф буюрувчи сайёҳ ва меҳмонлар ҳам поликлиникадан фойдаланади. Қўшни Қирғизистон Республикасидан келувчи фуқаролар ҳам бу ерда тиббий ёрдам олишади.

Ташриф давомида журналистлар билан бирга Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси вакиллари ҳам фаол иштирок этди. Ташкилот томонидан ўша куни аҳоли ўртасида тарғибот тадбирлари ҳам ўтказилди.

02
03
06
05
04_1
04
07
08
09

— Биз бугун вилоятимизнинг энг чекка ва эсклав ҳудудида жойлашган шифо масканини кўриб, яхши таассурот олдик, — дейди федерациянинг Ахборот хизмати раҳбари Ғайратжон Маматқулов. — Поликлиника янгидан таъмирланган, шароитлар яхши. Тиббий хизматлар шаҳардагидан фарқ қилмайди. Айниқса, физиотерапия бўлими замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Агар у ердаги аппаратлар тури янада кўпайтирилса, бу муассаса янада мукаммал бўлади.

Ташриф натижаларига кўра, шифокорлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ташкилий, ахборот ва таҳлил ишлари келгусида ҳам давом эттирилиши режалаштирилмоқда.