Соғлиқни сақлаш вазири Фарғонада: ислоҳотлар амалда синовдан ўтмоқда

Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жойлардаги ижроси ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини баҳолаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров Фарғона вилоятига ташриф буюрди.

Ташриф давомида вазир Фарғона туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда туман марказий шифохонасининг қабул бўлими фаолиятини кўздан кечириб, президент топшириғи асосида амалга оширилаётган “90 кунлик долзарб ишлар” режаси доирасидаги вазифалар ижроси ҳолатини ўрганди. Жараёнда аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизмат сифати, замонавий ускуналардан фойдаланиш даражаси, мутахассислар фаолияти ва беморларга хизмат кўрсатиш стандартларига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, Шоҳимардонобод оилавий шифокор пунктида бўлиб, жорий этилаётган DMED тизимининг амалиётда қандай қўлланилаётганини, тиббиёт ходимлари ушбу дастурдан қанчалик фойдалана олаётганини кузатди.

Вазир Тошлоқ туманидаги 57-сон оилавий поликлиникада ҳам бўлиб, тиббий хизмат кўрсатиш шароити, ускуналар ва ходимларнинг иш фаолияти билан танишди.

Айни пайтда вилоятда соғлиқни сақлаш тизимини янгича моделда ташкил этиш бўйича тажриба-синов ишлари олиб борилаётган туманлардан бири — Қува тумани ҳисобланади. Соғлиқни сақлаш вазири ушбу пилот ҳудудда амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари, янгиланиш жараёнлари билан яқиндан танишди. Бундан ташқари Аслбек Худаяров тумандаги 82- ва 79-сон оилавий поликлиникаларга бириктирилган маҳаллаларда бўлиб, маҳалла оқсоқоллари ва аҳоли вакиллари билан юзма-юз, очиқ мулоқот ўтказди. Учрашув давомида аҳолининг тиббий хизматлардан розилиги, мавжуд муаммолар, профилактика ишлари ва тиббий маданиятни юксалтириш каби долзарб масалалар муҳокама этилди.

Мулоқот чоғида фуқаролар ўз фикр ва таклифларини бевосита вазирга билдириш имконига эга бўлишди. Ташаббускорлар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар тизимни янада такомиллаштиришда инобатга олиниши таъкидланди.

Бундай амалий ташрифлар жойлардаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, тизимдаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш ва аҳолининг тиббий эҳтиёжларига жавоб берувчи моделни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.