Ёшлар билан мулоқот: ташаббуслар, ғоялар ва рағбат

Данғара тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Анвар Жуманов ўз фаолиятида фуқаролар билан доимий ва очиқ мулоқотни устувор вазифа сифатида кўради. У аҳоли билан юзма-юз учрашувлар ўтказиб, уларнинг муаммолари, таклиф ва ташаббусларини тинглашга алоҳида эътибор қаратади.

Мазкур мулоқотлар орқали маҳалладаги, соғлиқни сақлаш муассасаларидаги мавжуд ҳолатлар, тиббий хизмат сифати ва аҳолининг кутилаётган эҳтиёжлари тўғрисида аниқ тасаввур шаклланади. Шу асосда тизимли ечимлар ишлаб чиқилади ҳамда амалий чоралар кўрилади.

Яқинда тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари ёш тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Тадбирда 100 нафарга яқин ёш мутахассис иштирок этиб, ўз ғоялари, ташаббус ва лойиҳалари билан раҳбариятни таништириш имконига эга бўлишди.

Мулоқот эркин ва самарали руҳда ўтиб, иштирокчиларни ўйлантираётган саволларга жавоблар берилди. Ёшлар ўзларини қийнаётган муаммолар, иш тажрибаси, малака ошириш, замонавий тиббий билимлар билан боғлиқ масалаларни кўтариб чиқдилар.

Тадбир нафақат касбий, балки маънавий жиҳатдан ҳам бой мазмунга эга бўлди. Қўқон мусиқали-драма театри жамоаси томонидан намойиш этилган “Бевалар ўлани” спектакли тадбирга ўзига хос руҳий таъсир бахш этди.

Шунингдек, “Ёшларга бўлган эътибор” ва “Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари тарихини биласизми?” мавзуларида викторина ҳам ташкил этилди. Ғолиб деб топилган 6 нафар ёш мутахассис ҳомийлар томонидан эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Тадбир Данғара тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамда унинг касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, ёш мутахассисларни рағбатлантириш, уларда лидерлик қобилиятини шакллантириш ва бирлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам бўлди.