Аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида маҳаллий тиббиёт муассасалари фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 78-оилавий поликлиникада амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътирофга лойиқ.
Поликлиника таркибидаги бригадалар, хусусан патронаж ҳамширалари томонидан “Соғлом она — соғлом бола” ғояси асосида доимий равишда Репродуктив ёшдаги хотин-қизлар, ҳомиладорлар ва чилла давридаги аёллар билан суҳбатлар ташкил этилмоқда. Суҳбатларда мутахассислар томонидан соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, ҳомиладорлик даврида ўзини парваришлаш, профилактик текширувларнинг аҳамияти каби мавзуларда муҳим маълумотлар берилмоқда.

Масалан, 2-бригада патронаж дояси Василахон Низомиддинова ўз участкасидаги ҳар бир аёл ва қизнинг соғлиғи ҳолатидан мунтазам бохабар. Ҳомиладор аёлларнинг ҳолатини назорат қилиш, уларни тўғри йўналтириш ва зарур тавсиялар бериш — унинг кундалик иш фаолиятининг бир қисмидир. Туғруқдан кейинги аёллар билан эса махсус дастур асосида иш олиб борилади.
Яқинда ана шундай тиббий кўрик ва суҳбатлардан бири Оталиқ маҳалласида ўтказилди. Мулоқот давомида аёллар соғлиғига оид бир қатор саволларга жавоб топишди, тиббий кўрикдан ўтишди ва мутахассислардан индивидуал тавсиялар олишди.
Бундай ташаббуслар оилаларда оналик ва болалик муҳофазасини кучайтириш, касалликларнинг эрта олдини олиш ҳамда она ва бола саломатлигини сақлашда беқиёс аҳамиятга эга