Олтиариқда шифокор Элдорбек Оламназаровнинг оиласи шифокорлар сулоласи сифатида танилган. Отаси Эркинжон Болтаев кардиолог, онаси Санобар Норматова акушер-гинеколог сифатида фаолият кўрсатади.
Шу боис Элдорбек болаликдан шифокорликка қизиқиб, 2015-2021 йиллари Андижон давлат тиббиёт институти бакалавриат йўналишида, 2021-2023 йиллари эса ординатурада ўқиди.
2023 йилдан буён Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида анестезиолог-реаниматолог сифатида ишлаб келмоқда.
—Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган барча турдаги энг мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилмоқда, —дейди Э. Оламназаров. — Хусусан, кунига 5-6 та юрак-қон томир касалликлари, буйрак кўчириш сингари жарроҳлик амалиётларини ўтказамиз. Бунинг учун тезкор хизмат кўрсатишга ихтисослашган бўлимларда жаҳон андозалари даражасидаги энг илғор шароитлар яратилган.
Айтиш жоиз, яқин йилларга бундай дард билан оғриган беморлар шифо илинжида пойтахтга ёки хорижга боришга мажбур эди. Бугунги кунда Тошкент, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Германия, Туркия, АҚШ, Россиядаги тиббий-илмий марказлар билан фаол ҳамкорлиги бор. Доимий равишда ўзаро тажриба алмашиш, онлайн мулоқотлар ўтказиб бориш, ҳатто мураккаб жарроҳлик амалиётларини бевосита кузатиб бориш имконига эга.
— Ҳозирда устозларим Ҳусанбой Маҳмудов ва Илҳомжон Зокировлар кўмагида бош мия касалликларига тез ва аниқ ташхис қўйиш ҳамда самарали даволаш усуллари мавзусида илмий иш бошлаганман. Ўзим фаолият олиб бораётган неврохирургик реанимация бўлимида назарий ва амалий тажрибаларимни ўзаро уйғунлаштириб, ушбу йўналишда замонавий ёндашувларни йўлга қўйиш ҳаракатидаман, — дейди у.
Айни пайтда мазкур бўлимда 47 нафар малакали шифоркорлар фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг аксарияти янги авлод вакилларидир. Шу маънода айтганда, бугун Фарғона тиббиётида ёш ва малакали шифокорлар авлоди шаклланди. Элдорбекнинг тенгдошлари билан бирга жаҳон тиббиёти ютуқларини қунт билан ўрганамиз, тез-тез хорижий давлатларга бориб энг илғор усулларни ўрганиб келмоқда. Уларга бир неча тилларда бемалол мулоқот қилиш асло муаммо эмас.
—Турмуш ўртоғим мактабда инглиз тили фани ўқитувчиси, — дейди Э. Оламназаров. —Ҳар куни қадрдон оила бағрига қайтганимда уч ёшли қизим Сабинахоннинг шўхликларидан чарчоқларим унутилади. Қизим кўпинча эгнига бежирим тикилган оқ халатини кийиб, доктор бўлиб мени даволайди. Бобо ва бувисидан шифокорлик сабоқларини олади. Келажакда шифокор бўлиш орзусида менга тинмай савол беради.
Юртимизда ўз оиласи, доимий иш жойига эга ёш мутахассислардан бири сифатида ҳамиша янги-янги марраларни забт этиш, ютуқлар салмоғини ошириш ҳаракатида. Бунинг учун барча шароитлар муҳайё. Эзгу мақсад йўлида астойдил интилса, орзулари албатта ижобат бўлади.