Хитойда жамоат ҳожатхоналарида сийдик таҳлилини ўтказиш мумкин — натижалар смартфонга юборилади

Хитойдаги баъзи жамоат ҳожатхоналари эндиликда фақатгина эҳтиёж учун эмас, балки сизнинг соғлиғингизни текшириш имконини ҳам таклиф қилмоқда. Янги технологиялар билан жиҳозланган писсуарлар сийдик орқали бир қатор тиббий кўрсаткичларни таҳлил қила олади.

Бу футуристик ускуналар ҳозирча Пекин ва Шанхай каби йирик шаҳарларда жорий этилган бўлиб, келгусида мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг жорий этилиши режалаштирилган. Айни пайтда мазкур тизим фақат писсуарлар учун мўлжаллангани боис, аёллар ҳали ундан фойдалана олмаяпти.

Қандай ишлайди?

Фойдаланиш жараёни жуда оддий:

  • Писсуардан фойдаланасиз,
  • Махсус иловалар орқали 20 юань тўловни амалга оширасиз,
  • Таҳлил натижалари смартфонингизга юборилади.

Таҳлил натижалари нафақат муайян хасталикларнинг белгилари ҳақида, балки организмда қандай моддалар (минераллар, витаминлар ва ҳоказо) етишмаётгани борасида ҳам маълумот беради.

Текширув қуйидаги кўрсаткичларни қамраб олади:

  • глюкоза,
  • витаминлар даражаси,
  • креатинин,
  • лейкоцитлар,
  • бошқа биокимёвий кўрсаткичлар.

Бундан ташқари, фойдаланувчига натижалар оддий ва тушунарли шаклда тақдим этилади: барчаси жойидами ёки қандайдир шубҳали ҳолат борми — бу ёзма ва визуал тарзда кўрсатилади.

Фото: letemsvetemapplem.eu

Ижтимоий фикрлар икки хил

Бу ҳожатхоналар хусусий компаниялар томонидан ташкил этилган. Айрим фойдаланувчилар шахсий маълумотлар хавфсизлиги борасида хавотир билдиришмоқда. Аммо бошқалар бу усулни маъқулламоқда — уларнинг фикрича, “буни 5 дақиқада ўқиб олиш ва тахминий натижага эга бўлиш шифокор қабулхонасида соатлаб навбат кутишдан кўра қулайроқдир”.

Албатта, бу синовни классик лаборатория таҳлили даражасида кўрмаслик керак. Лекин ойига бир марта ёки ярим йилда бир марта шундай тестдан ўтиш, 5 йилда бир марта шифокорга бориб, хасталик анча илгарилаганини билишдан кўра анча фойдалидир.