Битирувчилар — юракда масъулият, кўзда орзу билан йўл олдилар

Фарғона шаҳридаги “Эко шаҳар” ҳудудида жойлашган амфитеатрда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти битирувчилари учун унутилмас ва тантанали маросим ташкил этилди. Янги замонавий шаҳарсозлик муҳитида ўтказилган тадбир ўзгача кайфият ва руҳият бағишлади.

Тадбирни институт ректори, профессор Акмал Сидиков очиб берди. У битирувчиларни самимий муборакбод этиб, уларнинг билим ва меҳнати самараси бугунги тантанага асос бўлганини таъкидлади.

— Сизлар фақат диплом эгаси бўлибгина қолмай, балки инсон саломатлиги учун масъул шахс сифатида жамият олдида катта бурчни ўз зиммангизга олаяпсизлар. Мана шу ишончни оқлаш йўлида омад йўлдошингиз бўлсин, — деди у ўз нутқида.

Тадбирда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, ота-оналар ва нуфузли меҳмонлар иштирок этди. Ёшлар учун ушбу кундаги энг муҳим туйғу – ғурур ва шукроналик бўлди. Турли илмий ва ижтимоий ютуқларга эришган фаол талабалар алоҳида эътироф этилди.

Жорий ўқув йилида институтни 1089 нафар битирувчи якунлади. Улардан 131 нафари чет эллик талабалар бўлиб, бу институтнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборидан далолат беради. Мамнуният билан айтиш жоизки, битирувчилардан 680 нафари аллақачон ишга жойлашган.

Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти замонавий тиббий таълим маскани сифатида малакали кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Унинг битирувчилари нафақат маҳаллий, балки халқаро меҳнат бозорида ҳам талабга эга бўлмоқда.