Чақалоқдан қариягача — ҳар бир фуқаро патронаж эътиборида

Олтиариқ туманида аҳолига сифатли ва манзилли тиббий хизмат кўрсатиш йўналишида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 40-сон оилавий поликлиника ҳамда Жўрак оилавий шифокор пункти қошидаги тиббий бригадалар 2025 йил учун тасдиқланган тармоқ режа асосида кенг қамровли профилактик ва патронаж фаолиятини амалга оширмоқда.

Ушбу фаолият Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 210-сонли буйруғи ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилган бўлиб, унда аҳолини касалликлардан ҳимоя қилиш, барвақт аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш каби муҳим мақсадлар белгилаб берилган.

Тиббий бригада таркибидаги шифокор ва ҳамширалар ҳар куни белгиланган маҳаллаларда уйма-уй юриб, тиббий кўрик, маслаҳат ва патронаж ишларини олиб бормоқда. Бу жараёнда, янги туғилган чақалоқларни тиббий рўйхатга олиш, ривожланишини назорат қилиш, эмлаш ҳолати, сурункали касаллиги бор фуқароларни диспансер кузатуви, дорилар билан таъминлаш ва реабилитацияга йўллаш, шунингдек, кекса ёшдагиларни қон босими, қанд миқдори, юрак-қон томир тизими ҳолатини аниқлаш ва доимий назоратга олиш ҳамда уларга индивидуал тиббий тавсиялар бериш ишлари амалга оширилмоқда. Бу орқали ҳар бир фуқаронинг соғлиғи устидан узлуксиз назорат йўлга қўйилмоқда ва касалликларни барвақт аниқлаш имкони яратиляпти.

Соғлом авлодни тарбиялашда мактабгача таълим муассасалари муҳим ўрин тутади. Ана шундай тарбиявий ва тиббий-маърифий ишлар доирасида тумандаги 28-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида “Болаларни соғлом овқатланиш тамойилларига ўргатиш” мавзусида амалий семинар-машғулот бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир болалар саломатлигига бағишланган кенг қамровли ва амалий фаолият сифатида ташкил этилди. Машғулотни боғчанинг тажрибали мудираси Санобар Матмусаева ва муассасанинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги масъули, ҳамшира Дилдора Ғофурова олиб борди.

Семинарда соҳа мутахассислари сифатида Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Олтиариқ туман бўлими мутахассиси М. Ахматқулова ва 89-сон оилавий поликлиника қошидаги патронаж ҳамширалари О. Абдуллаева ва Д. Шералиевалар иштирок этди. Семинарда асосий эътибор болаларнинг тўғри ва тўйимли овқатланишини таъминлаш, уларда соғлом овқатланиш одатларини шакллантириш, гигиена қоидаларига риоя қилиш ва жисмоний фаолликни ошириш каби масалаларга қаратилди. Шунингдек, ота-оналар ва тарбиячиларга болалар саломатлиги учун масъулиятли ёндашувни шакллантириш бўйича тавсиялар берилди.

Туманда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида “Соғломлаштириш ойлиги” доирасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 38-сонли оилавий поликлиника тиббий бригадаси ҳамширалари томонидан Қўрғонча маҳалласидаги “Эзгулик” кўчаси аҳолиси ўртасида манзилли профилактика ишлари амалга оширилмоқда.

Тиббий бригада ходимлари ҳар бир хонадонга ташриф буюриб, фуқаролар билан шахсий суҳбатлар ўтказишмоқда. Асосий эътибор соғлом турмуш тарзининг асосий тамойиллари (ҳаракат, кун тартиби, тоза ҳаво, зарарли одатлардан воз кечиш), соғлом овқатланиш маданияти (меъёрий овқатланиш, зарарли маҳсулотлардан сақланиш, кўпроқ мева-сабзавотлар истеъмоли), оилавий тиббий маданиятни ошириш (давлат клиникаларига вақтида мурожаат қилиш, профилактик кўрикларда қатнашиш) каби йўналишларга қаратилаяпти.

— Биз фақат беморларни эмас, соғлом одамларни ҳам ўқитамиз. Чунки профилактика — энг самарали муолажа, — дейди 38-оилавий поликлиника ҳамшираси Муҳайё Хамролиева. — Соғлом ҳаёт тарзи инсоннинг ўзи ва оиласи учун масъулиятли ёндашувни талаб этади. Ана шундай суҳбат ва учрашувлар орқали бу қарашлар аҳоли онгига сингдирилаяпти.

Соғлом турмуш тарзи — соғлом келажакнинг кафолати. Шу боис бундай ташаббуслар келгусида ҳам узлуксиз давом эттирилади.