“Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар вақти” дастурининг мақсади нима?

Фото: ssv.uz

Кейинги йилларда мамлакатимиз тиббиёти изчил янгиланмоқда. Буни биргина “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар вақти” дастури доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли эзгу саъй-ҳаракатлар ҳам тасдиқлайди.

Аввало, Президентнинг жорий йил 19 майдаги “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва унинг ижросига қаратилган қарорида ушбу дастур билан боғлиқ аниқ вазифалар белгилаб берилганини айтиш зарур.

Хўш, “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар вақти” дастурининг асосий мақсад-муддаоси нималардан иборат?

Сўз юритилаётган ҳужжатлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, дастур орқали 2025 йил 1 июндан бошлаб қисқа муддатда тиббиёт муассасаларида аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг соҳага бўлган ишончини орттириш мақсад қилинган.

Бу борадаги вазифалар қуйидагилардан иборат:

⏺ тиббиёт муассасаларида кутиш заллари ташкил қилиниб, ўриндиқлар билан таъминланади;
⏺ қулай рўйхатхоналар ташкил этилади;
⏺ онлайн қабулга ёзилиш имкониятлари кенгайтирилади;
⏺ аҳоли, беморлар ва ногиронлар ҳаракатланишлари учун қулайликлар яратилади;
⏺ “Она ва бола” хоналари ташкил қилинади;
⏺ хоналар ва йўлаклар тежамкор замонавий ёритиш қурилмалари билан жиҳозланади;
⏺ санитария-гигиена хоналари таъмирланиб, шахсий гигиена воситалари билан таъминланади;
⏺ тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда аҳоли ва беморлар учун қулайликлар яратиш имконини берувчи бошқа тадбирлар амалга оширилади.

Қолаверса, дастурда тиббиёт ходимлари иш самарадорлигини ошириш, кераксиз, бюрократик жараёнларни аниқлаш, тиббиёт ходимлари ва аҳолини мақсадсиз вақт йўқотишига олиб келадиган бюрократик тартиб-қоидаларни қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилган.

Кўриниб турибдики, мақсад аниқ, вазифалар ҳам. Албатта, уларнинг изчил ижроси соҳа ислоҳотларини янги босқичга кўтаришга замин яратади.