«Яшил макон» лойиҳаси доирасида Фарғонадаги яна бир тиббиёт муассасаси ҳудуди яшилликка бурканди.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида ташкил этилган кўчат экиш тадбирида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари, даволаш муассасалари раҳбарлари ва ходимлари қатнашди. Бу ерда 300 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳамда гуллар экилди. Шу тариқа филиал ҳудудида рамзий «Соғлиқни сақлаш боғи» ташкил этилди.
—Бугунги тадбирни оддий кўчат экиш акцияси сифатида эмас, балки инсон саломатлиги ва атроф-муҳит ўртасидаги узвий боғлиқликни англашга қаратилган ташаббус сифатида баҳолайман, — дейди шифохона раҳбари Камолиддин Раҳмонов. — Чунки шифохонага инсон дарддан халос бўлиш, саломатлигини тиклаш учун келади. Унинг атрофидаги муҳит ҳам даволаниш жараёнида муҳим ўрин тутади. Яшил ҳудуд, дарахтлар сояси, гуллар нафақат беморлар, балки бу ерда меҳнат қилаётган шифокорлар ва ходимлар учун ҳам қулай, файзли муҳит яратади.
Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси сифатида табиатга эҳтиёткор муносабат, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик маданиятни ошириш ҳар биримизнинг кундалик ҳаётимизга сингиши керак, деб ҳисоблайман. Бугун филиалимиз ҳудудида 300 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, гуллар экилди.
Аммо иш фақат кўчат экиш билан тугамайди. Уларни асраб-авайлаш, суғориш, парваришлаш ва кўкариб, соя-салқин масканга айланишини таъминлаш ҳам муҳим. Умид қиламизки, бу боғ йиллар давомида беморлар ва тиббиёт ходимлари учун гўзал маскан бўлиб хизмат қилади.
Энг муҳими, бундай ташаббуслар бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам давом этиб, яшил ва соғлом муҳит яратиш умумий мақсадимизга айланади.
Ташаббус вилоятнинг бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам давом этади.