Фото: nature.com
2026 йилги физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофоти уч нафар олимга — америкалик Карл Дайссерот ҳамда германиялик Петер Хегеман ва Георг Нагелга берилди. Улар миядаги нерв ҳужайралари фаолиятини ёруғлик ёрдамида бошқариш имконини берган кашфиётлари билан илм-фанда янги йўналишга асос солишди.
Инсон мияси қандай қилиб хотирани шакллантиради, ҳис-туйғуларни бошқаради ва хатти-ҳаракатларга таъсир кўрсатади? Олимлар бу саволларга жавоб излашда давом этмоқда. Бу борадаги тадқиқотларни янги босқичга олиб чиққан усуллардан бири — оптогенетикадир.
Унинг моҳияти шундаки, ёруғликка сезгир махсус оқсиллар ёрдамида муайян нерв ҳужайрасини фаоллаштириш ёки унинг фаоллигини пасайтириш мумкин. Бу эса миядаги айрим ҳужайралар ва улар ўртасидаги алоқалар қандай ишлашини аниқроқ ўрганиш имконини беради.
Петер Хегеман: ёруғликка сезгир оқсиллар изидан

Германиянинг Гумбольдт университети профессори Петер Хегеман микроорганизмларнинг ёруғликка қандай жавоб беришини ўрганди. Унинг тадқиқотлари бир ҳужайрали яшил сувўтларида учрайдиган, ёруғлик таъсирида ишга тушадиган махсус оқсилларни аниқлаш ва уларнинг хусусиятларини тушунишга йўл очди.
2002 йилда олим каналродопсин-1 деб аталган ёруғликка сезгир оқсилни аниқлади. Кейинчалик бу каби оқсилларнинг хусусиятлари нерв ҳужайралари фаолиятини ёруғлик орқали бошқариш усулини ишлаб чиқишда муҳим асос бўлди.
Георг Нагел: оқсиллар қандай ишлашини исботлаган олим

Вюрцбург университети профессори Георг Нагел ҳам мазкур оқсилларни ўрганишга катта ҳисса қўшди. У Петер Хегеман билан ҳамкорликда каналродопсинларнинг хусусиятларини тадқиқ қилди ва улар ёруғлик таъсирида ҳужайра мембранаси орқали ионлар ҳаракатини бошқаришини кўрсатди.
Бу кашфиётнинг аҳамияти шундаки, ёруғлик сигналини ҳужайранинг электр фаолиятига айлантириш мумкинлиги аниқланди. Шу тариқа табиатдаги оддий, бир қарашда кўзга ташланмайдиган жараён мия фаолиятини ўрганишда янги имкониятлар эшигини очди.
Карл Дайссерот: кашфиётни мияни ўрганиш усулига айлантирган олим

АҚШнинг Стэнфорд университети профессори, ҳам шифокор-психиатр, ҳам биомуҳандис Карл Дайссерот мазкур кашфиётларни янги босқичга олиб чиқди. У ёруғликка сезгир оқсилларни сутэмизувчиларнинг нерв ҳужайраларига жойлаштириш ва уларнинг фаолиятини ёруғлик импульслари орқали бошқариш усулини ривожлантирди. Бу усул олимларга муайян нерв ҳужайралари ёки уларнинг гуруҳларини фаоллаштириб, бунинг натижасида организмда қандай ўзгаришлар юз беришини кузатиш имконини берди. Масалан, миянинг маълум бир қисмидаги нерв ҳужайралари хатти-ҳаракат, хотира ёки ҳиссиётларга қандай таъсир қилишини текшириш мумкин бўлди.
Кашфиёт тиббиётга нима беради?
Оптогенетика ҳозирда, энг аввало, илмий тадқиқотларда қўлланади. У асаб тизими касалликлари, депрессия ва Паркинсон касаллиги каби ҳолатларнинг механизмларини чуқурроқ ўрганишга ёрдам бермоқда. Шунингдек, кўриш қобилиятини тиклашга қаратилган айрим клиник тадқиқотларда ҳам бу технологиянинг имкониятлари ўрганилмоқда.
Албатта, бу ҳали барча беморлар учун тайёр даволаш усули дегани эмас. Аммо нерв ҳужайралари фаолиятини аввалгидан анча аниқ бошқариш имконияти келажакда янги даволаш ёндашувларини ишлаб чиқишга хизмат қилиши мумкин.
2026 йилги Нобель мукофоти бир-бирини тўлдирган уч олимнинг меҳнатини эътироф этди: бири ёруғликка сезгир оқсилларни ўрганди, иккинчиси уларнинг ишлаш механизмларини аниқлашга ҳисса қўшди, учинчиси эса бу кашфиётларни мияни тадқиқ қилишнинг янги усулига айлантирди.
Бу воқеа фундаментал илм-фанда баъзан энг катта натижалар оддий бир саволдан — табиатдаги жараён қандай ишлашини тушуниш истагидан бошланишини яна бир бор кўрсатди.
Нобель мукофотларини топшириш маросими шу йилнинг 10 декабрда Швециянинг Стокгольм шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.