Фарғона вилоятида инфаркт ва инсульт билан оғриганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш, уларни зарур имкониятларга эга шифохоналарга тез етказиш бўйича янги ёндашувлар кўриб чиқилмоқда. Айни масалалар Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Хуршид Фозилов иштирокида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида масъул раҳбарлар билан муҳокама қилинди.
Асосий эътибор беморни тез аниқлаш, унинг ҳолатини жойида баҳолаш, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва энг муҳими, вақтни бой бермасдан тўғри махсус жихозланган шифохонага йўналтиришга қаратилди.
ЭКГ натижаси 103 Call марказидаги маслаҳатчи кардиолог шифокорга онлайн етказилади. Вилоятда ўткир юрак хуружи билан беморларга ёрдам кўрсатишда ЭКГ-телеметрия тизимидан ҳам фойдаланилмоқда. Лойиҳа 2024 йил 1 октябрдан амалга оширила бошланган. Шу вақт давомида 500 нафардан ортиқ бемор текширилган, 102 нафари шошилинч тарзда шифохонага ётқизилган.
Тизимнинг афзаллиги шундаки, тез тиббий ёрдам бригадаси бемор ёнига бориб, ЭКГ олади. ЭКГ натижаси Call-марказдаги маслаҳатчи кардиологга онлайн етказилади. У беморнинг ҳолатини масофадан баҳолаб, уни қаерга олиб бориш кераклиги бўйича тавсия беради.
Ҳозир Фарғона вилоятида 19 та тез тиббий ёрдам станциясида 73 та ЭКГ қурилмаси мавжуд. Шундан 20 таси телеметрик аппаратлар. Келгусида вилоятдаги барча 308 та тез тиббий ёрдам бригадасини шундай қурилмалар билан таъминлаш режалаштирилган.
Янги ёндашувнинг муҳим жиҳати — беморни шунчаки энг яқин шифохонага олиб бориш эмас. Масалан, инфаркт гумони бўлган бемор учун ангиография ускунаси мавжуд ва беморни қабул қилиш имконияти бор муассаса танланади. Шифохона олдиндан огоҳлантирилади ва бемор етиб келгунига қадар қабулга тайёргарлик кўрилади.
Шу мақсадда 2026 йил 1 октябрдан бошлаб вилоят ҳудудлари бўйича инфаркт беморларини йўналтириш маршрутлари ишлаб чиқилган.
Инсультда ҳам худди шундай ёндашув қўлланади. Беморнинг ҳолати тез баҳоланиб, компьютер томографияси, тромболизис, нейрохирургик ёрдам каби имкониятларга эга муассасага йўналтирилади.

Инфаркт ва инсультда вақт жуда муҳим. Шунинг учун тез тиббий ёрдам бригадасининг бемор ёнига етиб боришидан бошлаб, текширув ўтказиш, шифохонани танлаш ва беморни қабул қилишгача бўлган жараёнларни аниқ тартибга солиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур ёндашувнинг мақсади битта — беморга керакли ёрдамни иложи борича эрта бошлаш ва унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини ошириш.
Муҳокамада ана шу тизимни амалиётга жорий этиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва тиббий муассасалар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.
——————-