Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш тизимида ўтказилаётган “Истиқболли режалар” мавзусидаги тақдимот кўринишидаги ҳисобот ҳафталиги давом этмоқда. Навбатдаги ҳисоботларда Тошлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қўқон филиалининг фаолияти тингланди.
Ҳисоботда таъкидланишича, Тошлоқ туманида касалланишлар сони ўтган йилга нисбатан тахминан 7,8 фоизга камайган. Хатлов натижаларига кўра, 48 445 нафар фуқаро туман даражасида, 5 268 нафари вилоят, 34 нафари эса республика даражасида даволанишга эришган. Шунингдек, 773 нафар беморга даволаниш учун ордерлар берилган.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, туманда мавжуд 52 266 нафар туғиш ёшидаги аёл тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 17 616 нафарида турли касалликлар аниқланди ва соғломлаштириш чоралари кўрилди. Туғруқ бўлимида 6 ўринли реанимация ўринлари ташкил этилди. Марказий шифохонанинг хирургия ва гинекология бўлимларида 8 та юқори технологияли амалиёт ўтказилди.
Инфратузилмани яхшилаш доирасида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида 500 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника 1 млрд 360 млн сўмга таъмирланди. Шунингдек, хўжалик ҳисобидаги бўлим 1,5 млрд сўмга тўлиқ янгиланди.
Туман тиббиёт муассасаларига 5 млрд 315 млн сўмлик тиббий жиҳозлар харид қилиниб, хирургия, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, лаборатория хизмати, ташхислаш ва шифокор олди хоналарига ўрнатилди. Барча 14 та тиббиёт муассасасида компьютер ва рақамлаштириш воситалари билан таъминланиш даражаси 97 фоизга етказилди. Натижада тумандаги 221 924 нафар аҳоли учун электрон тиббий карта, 10 минг нафар диспансер назоратидаги бемор ва 2 132 нафар ногирон шахснинг электрон реестри яратилди.
Хўжалик ҳисобидаги кардиология, неврология, гинекология ва хирургия бўлимларида қўшимча пуллик хизматлар йўлга қўйилиб, ойлик тушум 191,7 млн сўмга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 50 млн сўмга ошган бўлиб, муассасаларда таъмирлаш ва сервис хизматлари сифатини яхшилашга хизмат қилди.
Келгуси йилга мўлжалланган режаларга кўра, Президент қарори ижроси доирасида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартномалар имзолаш, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида 54-ОПга қарашли Учолиш ва 57-ОПга қарашли Бўстон таянч пунктларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Шунингдек, марказий шифохонада кислород станциясини барпо этиш, кам инвазив жарроҳлик амалиётларини 6 турдан 8 тургача ошириш, эндопротезлаш ва артроскопия бўйича 3 турдаги янги операцияларни жорий этиш, ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида компьютер томографияси билан таъминлаш кўзда тутилган.
Тақдимотлар Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Рамзбек Ўтабоев томонидан тингланди.