Қувасойлик ва Фарғона туманилик саломатлик тарғиботчилари спортда куч синашди

Соғлом турмуш тарзини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, соғлом ҳаёт намунаси бўлиш мақсадида Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг Қувасой шаҳри ҳамда Фарғона тумани бўлимлари, тиббиёт бирлашмалари касаба уюшмаси билан ҳамкорликда спорт тадбири ташкил этилди.

Фарғона тумани Чимён қишлоғидаги 2-спорт мактабида бўлиб ўтган мазкур тадбирда тиббиёт ходимлари соғлом рақобат ва дўстлик руҳида беллашишди. Аёллар ўртасидаги волейбол, эркаклар ўртасидаги футбол мусобақалари қизғин баҳсларга бой бўлди.

Мусобақалар сўнггида иштирокчилар дўстона муҳитда суҳбат қуришди, бир пиёла чой устида таассуротларини ўртоқлашдилар. Бир чўқим ошдан кейинги шўх куй ва қўшиқлар оҳангида барча рақсга тушиб, байрамона кайфият ҳукм сурди.

Тадбирда Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг Фарғона вилоят ҳудудий бўлими вакиллари иштирок этиб, ташкилотчилар ҳамда спортчиларга миннатдорлик билдирди ва уларга муваффақиятлар тилади.